ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармалари ва ИИБ ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ер майдонларининг ноқонуний сотилишининг олди олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жумладан, Тошкент туманида яшовчи шахс (1982 й. т.) мазкур тумандаги МФЙдан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи синфдоши билан келишган ҳолда Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 4 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг доллар талаб қилади. ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулни олган вақтида ушланди. Шунингдек, унинг кўрсатмаси асосида ҳоким ёрдамчиси ҳам қўлга олинган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Нурафшон шаҳридаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ таъсисчиси ушбу жамиятнинг икки гектар суғориладиган ер майдонини 500 минг АҚШ доллари эвазига харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 140 минг долларни олган вақтида ушланган.

Тошкент вилоятида кўзатилган яна бир ҳолатда Қибрай туманидаги МЧЖ бошқарувчиси мазкур жамиятга 46 йил муддатга ижара асосида фойдаланиш учун берилган 91 гектар ер майдонининг 60 гектарини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 30 минг олган вақтида ушланган.

Кармана туманида яшовчи тадбиркор эса ўзига ДХШ шартлари асосида сунъий қопламали футбол майдончаси ва ёрдамчи бино объектини қуриш учун берилган 9,9 сотих ер майдонини харидорга 50 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ДХХ Навойи вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар бошкармаси томонидан ушланган.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ер майдонининг ноқонуний сотилишига қарши тадбир ўтказган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс (1980 й.т.) ўзига иссиқхона ташкил этиши учун Самарқанд тумани ҳудудидан ажратиб берилган 90 сотих ер майдонини 40 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Аввалроқ, Зангиота туман ҳокими ёрдамчиси ва Жарқўрғон туман ҳокими ёрдамчиси пора билан ушлангани ҳақида ёзган эдик.