Шанба куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев «ҳоким ёрдамчилари — президентнинг маҳалладаги вакиллари» дея таъкидлади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси — ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат.

«Бунинг учун, ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан „кўмиб ташламаслиги“ лозим. Ҳокимлар улар учун фақат шароит яратиб бериши керак», — Шавкат Мирзиёев.

Президент аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги вазиятни ўрганиб, маҳаллалар қиёфаси ва ижтимоий муҳитини яхшилаш вазифасини қўйди.

Бу ишларни, аввало, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган маҳаллалардан бошлаш кераклиги, улардаги йўлларни шағаллаштириш, симёғочларни алмаштириш, ичимлик суви тармоқларини қуриш ва таъмирлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди, дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу ҳудудларда ижтимоий муҳит, боғча, мактаб, шифохона шароитларини яхшилаш, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилишга устувор аҳамият бериш муҳимлиги қайд этилди.

Таъкидланишича, йиғилишда 6 млнга яқин доимий ва мавсумий иш ўрни яратиш бўйича режалар ҳам кўриб чиқилган.

Айни пайтда мутасаддилар йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ҳисобот бермоқда.

Аввалроқ, мазкур видеоселектор йиғилишида президент маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари одамларни тадбиркорлик ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозимлигини таъкидлагани ҳақида ёзгандик. Ушбу мақсадларга эса шу йилнинг ўзида 10 трлн сўм имтиёзли кредит ва 2,5 трлн сўм субсидия ажратилиши айтилди — ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 млрд сўмдан тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь бошида вилоятларда молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран маҳаллада «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, адлия вазири Русланбек Давлетов ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинлашда мутасаддиларнинг «ҳеч кимни мажбурлашга ҳаққи йўқ"лиги ҳақида гапирганди.

2−3 январь кунлари эса Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани айтилганди. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.

«Газета.uz» 10 январдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб 9300 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда ўз фаолиятини бошлагани ҳақида ёзганди.