Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 29 апрель куни имзолаган қарорга кўра, Ўзбекистон тарихи музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Давлат табиат музейини реконструкция қилиш ҳамда рақамлаштириш ишлари лойиҳасини Туркиянинг Outdoor Factory компанияси амалга оширади. Мазкур ишларни бажариш учун Outdoor Factory компанияси билан истисно тариқасида, тўғридан-тўғри (тендерсиз) шартнома тузишга рухсат берилди.

30-сонли баённомага кўра, 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевга лойиҳалар тақдимоти якунлари бўйича Outdoor Factory томонидан ишлаб чиқилган учта музейни реконструкция қилиш ва рақамлаштириш концепцияси лойиҳаси маъқулланди. Истисно тариқасида, у билан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудрат ишларини бажариш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади.

Ушбу музейларни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш беш ой муддатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Музейларда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаевга 1 октябрга қадар хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон тарихи музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Давлат табиат музейини замонавий талаблар асосида янгилаш ишларини бошлаш топширилган эди. Мамлакатдаги қолган барча музейлар ҳам худди шундай янгиланиши керак.

Outdoor Factory компанияси «Истиқлол» мажмуаси ва «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғи, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» университети, Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган туристик марказ (Зарқайнар кўчаси реконструкция қилиш)ни лойиҳалаш ва қуришда, «Технопарк» (собиқ ТАПОиЧ) ҳудудида жойлашган аквапарк лойиҳаларида, Magic City қурилишининг иккинчи босқичи ва бошқаларда иштирок этган. «Газета.uz» мазкур лойиҳалар танлови ҳақида маълумот топа олмади.

Outdoor Factory — 2010 йилда Истанбулда ташкил этилган Туркиянинг йирик қурилиш ва лойиҳалаштириш корхонаси. Компаниянинг асосий фаолият тури — боғлар, музейлар ва маданий объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш. Outdoor Factory Туркия, Қатар, Италия, АҚШ, Германия ва Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарига эга. Корхона дунё миқёсида 350 дан ортиқ концептуал лойиҳалар, шунингдек, 25 музей ва 110 монумент лойиҳаларни амалга оширди.

Куни кеча меъмор Александр Куранов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида сўнгги йилларда Ўзбекистон меъморлари пойтахтдаги йирик лойиҳаларга деярли жалб этилмагани ҳақида маълум қилди.