Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «Технопарк» ҳудудида (собиқ ТАПОиЧ авиация заводи) аквапарк қуриш режалаштирилмоқда. Уни лойиҳаси 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинди.

«Бунинг учун ҳозирда фойдаланилмай турган бино билан бирга 4,5 гектар ер мўлжалланган. Мажмуа тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига барпо этилади. Бу ерда очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, аттракционлар, тамаддихона, ўйин майдончалари бўлади», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Юнусобод туманидаги Астрономия парки ҳудудида барпо этиладиган гуллар боғи лойиҳаси билан ҳам танишди.

«Бу жой аҳолининг маданий дам олиши, пойтахтимиз экологияси яхшиланиши учун яна бир омил бўлади», — дейилади хабарда.


Шунингдек, давлат музейларини реконструкция қилишга қаратилган лойиҳа ҳам тақдим қилинди. Биноларнинг архитектураси ва тарихий қийматини сақлаб қолган ҳолда ички шароитларини яхшилаш, замонавий техникалар билан жиҳозлаш режалаштирилган.

«Жаҳондаги машҳур музейлар тажрибаси асосида экспонатларнинг кўримлилигини ошириш, тарихий ашёларни безарар сақлаш, келувчиларга қулайликлар яратиш бўйича ҳамма жиҳатлар инобатга олинган. Бу ишлар натижасида музейларнинг кўргазма майдони кенгайиб, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадорлиги ошади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, тақдимотда шаҳарлараро йўл инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Поп тумани билан Наманган шаҳри ўртасидаги автомобиль йўлини кенгайтириш лойиҳаси кўриб чиқилди.


Президент бу ҳудуднинг рельефини инобатга олиб, йўлни ҳайдовчиларга қулай қилиб қуриш, инсонлар хавсизлигини биринчи ўринга қўйиш зарурлигин таъкидлади.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, «Янги Ўзбекистон» университети ташкил этилганди. Тадимотда мазкур лойиҳа ҳам кўриб чиқилди.

Университет учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчаси бўйида 30 гектар ер ажратилган. Мажмуа лойиҳаси Туркиянинг «Outdoor Factory» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.


«Янги Ўзбекистон» университети.

«Унга кўра, бу ерда 5 та факультет учун ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт саройи ва стадион барпо этилади», — дейилади хабарда.

Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.


«Янги Ўзбекистон» университети.

Давлатимиз раҳбари мажмуани сифатли қуриш, ўқув биноларида буюк алломаларимиз сиймоси ва меросини акс эттириш, ёшларнинг ўқиши ва ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

«Янги Ўзбекистон» университети.