Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик ёпиқ аквапарк қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — инвестисиялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Рахманов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Душанба куни президент Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «Технопарк» (собиқ ТАПОиЧ авиация заводи) ҳудудида янги аквапарк лойиҳаси билан танишди. Мажмуани ҳозирда фойдаланилмаётган 4,5 гектар майдонда ва яна бир бинони тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига барпо этиш кўзда тутилган.

Бу ерда очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, аттракционлар, ресторанлар, ўйин майдончалари бўлади. Тақдимотга кўра, аквапаркнинг ёпиқ қисми 6000 ташриф буюрувчига, очиқ қисми эса 1000 кишига хизмат кўрсата олади.

Давлат раҳбари Юнусобод туманидаги Астрономия парки ҳудудида барпо этиладиган гуллар боғи лойиҳаси билан ҳам танишди.

«Бу жой аҳолининг маданий дам олиши, пойтахтимиз экологияси яхшиланиши учун яна бир омил бўлади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Тошкент шаҳрида Марказий Осиёда энг йирик ёпиқ аквапарк лойиҳаси намойиш этилди. [Президент томонидан] тезда бу лойиҳаларни ишга тушириш топшириғи бериб ўтилди», — деди Шароф Рахманов.

Аквапарк


Гуллар боғи