Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-март ойларида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўртача иш ҳақи бошқа соҳаларга қараганда секинроқ ўсди, шу боис мамлакатда ўртача иш ҳақи даражаси билан тафовут кенгайишда давом этмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича ўртача номинал иш ҳақи 3,42 млн сўмни ташкил этди. Таълим соҳасида бу сумма 2,52 млн сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига (2,24 млн сўм) нисбатан 12,2 фоизга ошди.


Шу билан бирга, агар 2017 йилнинг январь-март ойларида мазкур соҳа ходимларининг ойлик маоши республика бўйича ўртача иш ҳақига нисбатан 16,8 фоизга (мос равишда 1,07 млн ва 1,28 млн сўм) паст бўлган бўлса, бугунги кунда иш ҳақи 2,5 баробарга ошди, аммо фарқ қисқармади, балки 26,5 фоизгача кенгайди. 2018 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 20,4 фоиз, 2019 йил — 17,4 фоиз, 2020 йил — 19,1 фоиз, 2021 йил — 21,9 фоиз даражасида қайд этилган.


Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам худди шундай ҳолат бўлиб, биринчи чоракда ўртача иш ҳақи 14,2 фоизга — 2,33 млн сўмгача ошган.

Охрили беш йилда бу борадаги тафовут аста-секин қисқарган бўлса-да, сўнгги бир йилда барча ютуқлар тенглаштирилди. Агар 2017 йилнинг январь-март ойларида соҳа ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи республика бўйича ўртача иш ҳақидан 30,2 фоизга кам (мос равишда 899,4 минг ва 1,28 млн сўм) бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагида иш ҳақи қарийб 3 баробар ошди, бироқ фарқ 32 фоизга етди. 2018 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 33,6 фоиз, 2019 йил — 31,6 фоиз, 2020 йил — 29,9 фоиз, 2021 йил — 28,8 фоизни ташкил этган.


Тиббиёт соҳасида 2020−2021 йилларда ўртача иш ҳақи фарқининг қисқариши коронавирус пандемияси даврида айрим тоифадаги тиббиёт ходимларига берилган нафақалар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида қайд этилган — 8,42 млн сўм. Кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 6,5 миллион сўмга тенг бўлган бўлса, ташиш ва сақлаш соҳасида — 4,56 млн сўм, саноат соҳасида — 4,46 млн сўм, қурилиш соҳасида — 4,15 млн сўм, савдо соҳасида — 3,51 млн сўмни ташкил этган.

Иқтисодчи Микромил Холбоевнинг ёзишича, ўқитувчи ва шифокорлар сўнгги йилларда нисбатан қашшоқ шароитда яшашда давом этмоқда. «Уларнинг жамиятдаги мавқеини бу тарзда йўқотиб бориши [иқтисоднинг] узоқ муддатли ўсишга ҳам салбий таъсир қилиши турган гап. Қарор қабул қилувчиларни таълим ва тиббиёт ходимларининг на маоши ва на жамиятдаги мавқеи қизиқтиради. Агар бу уларни ташвишга солганда, бир неча йилдан буён кузатилиб келаётган таълим ва тиббиёт ходимлари маоши бошқа соҳа вакиллариникига нисбатан пасайиб боришининг олдини олган бўлар эди», — дейди у.

Аввалроқ «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев таълим соҳаси вакилларининг, хусусан, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бошқа соҳа вакилларининг ойлик маошларига қараганда секинроқ ўсаётгани уларнинг жамиятдаги мавқейига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Унинг қайд этишича, бу келгусида шу касбни танлаши мумкин бўлган ёшларни — потенциал ўқитувчиларни молиявий омиллар сабаб бошқа соҳаларни танлашига олиб келади.

«Бошқача айтганда, таълим соҳаси, шунчаки рағбатларнинг етишмаслиги ортидан, соҳа ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган потенциал ходимлардан айрилади. Ушбу тенденциялар кучайиши таълим тизимини янада чуқур инқирозга олиб келиши мумкин. Таълим сифати узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун жуда муҳим», — деган эди у.