Ўқитувчилар ва уларнинг ойлик маоши мавзуси сўнгги йилларда жуда кўп тилга олинмоқда. Ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш, ўқитувчи ойлик маошини 1000 долларга етказиш кўзда тутилаётганлиги, хусусан, давлат раҳбари томонидан бир неча бор таъкидланди.

Олдинги давр билан таққослаб кўрилса, сўнги йилларда ўқитувчилар касбий фаолиятида эришган энг катта ютуқ — бу уларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг сезиларли даражада камайганлиги бўлди. Ўз вақтида, ўқитувчилар ўқувчилари билан бирга бутун йиғим-терим мавсуми давомида — сентябрь бошидан ноябрь-декабрь ойларигача пахта далаларидан чиқмас эди. Энг ачинарлиси, ўқитувчилар ўз фаолиятининг бир қисмини пахта далаларида ўтказиши одатий ҳолга айланиб қолган эди. Шу маънода, мажбурий меҳнатнинг сезиларли даражада камайганлигини охирги йилларда эришилган чинакам ютуқ деб ҳисоблаш мумкин.

Ўқитувчиларнинг ойлик маоши қандай ўзгармоқда? Бу борада ҳам охирги йилларни чинакам ютуқ деб ҳисобласак бўладими?

Ўқитувчиларнинг шундоғам хизмат вазифасига кирмайдиган ишлардан озод қилинганлигини олқишлашимиз мумкин, лекин таълим соҳаси вакилларининг ойлик маоши ҳақида гап кетганда, охирги йиллардаги ўзгаришлар билан мақтана олмаймиз.

Ўртача ойлик иш ҳақи нуқтаи назаридан таққосласак, 2017 йилда таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача ойлик маоши республикадаги ўртача иш ҳақи даражасидан 20% пастроқ кўрсаткични намоён қилганлигини кўрамиз. 2021 йил якунларига кўра эса мазкур кўрсаткичлар орасидаги тафовут янада кенгайиб, қарийб 28% га етган.

Яъни, 2017 йилда таълим соҳаси вакилларининг ўртача ойлик маоши 1,1 млн сўмни ташкил этганда, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи даражаси 1,4 млн сўмга тенг эди. 2021 йилнинг охирига келиб таълим соҳаси вакилларининг ойлик маоши 2,3 млн сўмни ташкил этди (2017 йилга нисбатан 1,99 марта ошган), республика миқёсидаги ўртача ойлик иш ҳақи даражаси эса 3,2 млн сўмга етган (2017 йилга нисбатан 2,2 марта ошган).

Бу шуни англатадики, таълим соҳаси вакилларининг ойлик маошлари даражаси бошқа соҳа вакилларининг ойлик иш ҳақи даражасига қараганда секинроқ ўсган, натижада ўтган давр ичида таълим соҳаси вакиллари жамиятнинг бошқа вакилларига нисбатан камбағаллашган.


Охирги беш йил ичида фақатгина бир йил — 2019 йилда ўқитувчиларнинг ойлик маоши бошқа соҳа вакиллариникига қараганда тезроқ ўсган. Хусусан, уларнинг ойлик иш ҳақи республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 79,2% га етган, таққослаш учун бу кўрсаткич 2018 йилда 76,6% ни ташкил этган эди. Сўнгги икки йилда эса таълим соҳаси вакилларининг ойлик маошлари, 2018 йилда бўлгани каби, бошқа соҳа вакилларининг ойлик иш ҳақи даражасига нисбатан секинроқ ўсган.

Шуни қайд этиш жоизки, 2021 йилда таълим соҳаси вакилларининг, жумладан, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бошқа соҳа вакилларининг ойлик маошларидан секинроқ ўсган бўлсада, нисбатан яхши суратда, яъни инфляциядан бир мунча юқори даражада ўсган. Хусусан, 2021 йилда таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 17% га ўсган (буни ўтган йил февраль ойида ойлик иш ҳақлари 10% ҳамда сентябрь ойида пенсияларнинг 7% га оширилганлиги билан изоҳлаш мумкин), инфляция кўрсаткичи эса 10% ни ташкил этган. Бошқача айтганда, 2021 йилда ўқитувчилар жамиятдаги бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашган бўлишларига қарамай, уларнинг реал даромадлари қарийб 7% га кўпайган.

Лекин, шуни ҳам эътиборга олиш керакки, 2020 йилда пандемия инқирози бўлишига қарамасдан мамлакат аҳолисининг реал умумий даромадлари 2,6% га, реал ЯИМ ҳажми 1,6% га ўсган шароитда таълим соҳаси вакилларининг реал иш ҳақлари пасайган эди. Хусусан, 2020 йилда соҳа вакилларининг ўртача номинал иш ҳақи 2019 йилга нисбатан 7,4% га ошган холос. Инфлация даражаси эса 2020 йилда 11,1% ни ташкил этган.

Бундан келиб чиқадики, 2020 йилда таълим соҳаси вакилларининг ўртача реал даромадлари 2019 йил билан таққослаганда 3,7% га пасайган. Яъни таълим соҳаси вакиллари нафақат бошқа соҳа вакиллари билан таққослаганда камбағаллашган, балки уларнинг даромадлари даражаси реал кўрсаткичларда ҳам жамиятда бошқалардан ортда қолган. Аҳоли реал даромадлари даражасида кичик бўлсада ўсиш кузатилган йилда, биз фақатгина касб байрамларида улуғлайдиган ўқитувчилар, сезиларли даражада камбағаллашган эди.

Ўқитувчилар жамиятнинг бошқа вакилларига нисбатан камбағаллашиб бораётганлиги қанчалик ёмон?

Таълим соҳаси вакилларининг, хусусан, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бошқа соҳа вакилларининг ойлик маошларига қараганда секинроқ ўсаётганлиги уларнинг жамиятдаги мавқейига салбий таъсир қилиши табиий. Бу эса, келгусида шу касбни танлаши мумкин бўлган ёшларни — потенциал ўқитувчиларни молиявий омиллар сабаб бошқа соҳаларни танлашига олиб келади. Бошқача айтганда, таълим соҳаси, шунчаки рағбатларнинг етишмаслиги ортидан, соҳа ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган потенциал ходимлардан айрилади.

Буни қуйидагича ифодалаш ҳам мумкин: ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш — олий таълимда таҳсил олаётган талабаларнинг иш топиш учун энг охирги чорасига айланади. Бу, ўз навбатида, таълим соҳасида малакасиз кадрларнинг йилдан-йилга ортиб боришига олиб келади. Чунки малакали кадрларнинг кўпчилиги ўқитувчи бўлишни хоҳласада, нисбатан юқорироқ даромад таклиф қиладиган бошқа фаолият турларини танлашига тўғри келади. Бу каби ҳолатга ҳозир ҳам қисман гувоҳ бўлиб турибмиз. Бундай тенденциянинг давом этиши ва кучайиши эса таълим тизимини янада чуқурроқ инқирозга олиб киради.

Албатта, бу жараён нисбатан узоқроқ муддатда содир бўлади. Қисқа муддатда эса, агар ўқитувчилар ўзларининг камбағаллашиб бораётганлигини сезса, бу уларнинг меҳнат унумдорлиги ҳамда меҳнат сифатига тўғридан тўғри таъсир қилиши мумкин.

Мажбурий меҳнатнинг кескин қисқартирилиши ўқитувчилар фаолияти ва ҳаётини анча яхшилади. Лекин бу каби ишлар шундоқ ҳам уларнинг хизмат вазифасига кирмаган. Бундан ташқари, мажбурий меҳнатнинг бекор қилиниши таълим соҳасини нисбатан қисқа муддатда бироз яхши томонга ўзгартириши мумкин холос. Ўқитувчилар жамиятда даромад нуқтаи назаридан ўз мавқеларни йўқотиб борар экан, узоқ муддатда таълим тизимини қутқариб бўлмайди. Яъни юқорида таъкидлаб ўтганимдек, узоқ муддатда потенциал соҳа вакиллари молиявий ҳамда жамиятдаги обрў-эътибор нуқтаи назаридан бошқа соҳаларни танлайди.

Таълим сифати иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсишида жуда муҳим аҳамият касб этади. Агар бу соҳада ишлашга рағбат йилдан-йилга камайиб борса, бу, табиийки, узоқ муддатда таълим сифатининг ҳам пасайишига сабаб бўлади. Таълим сифатининг пасайиши, ўз навбатида, узоқ муддатли ўсишни ҳам пасайтиради. Шундай экан, таълим соҳаси вакилларининг жамиятдаги бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб (ҳозир кузатилаётган тенденция) боришини яқин ва узоқ истиқбол учун ҳам хавф-хатар деб баҳолаш мақсадга мувофиқ.

Миркомил Холбоев - иқтисодчи, Жанубий Кореядаги Жеонбук миллий университети Халқаро савдо йўналиши магистранти.