Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат қиладиган катта инспектор лавозими жорий этилди. Бу ҳақда ҳукуматнинг 26 апрелдаги «Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида сўз боради.

Катта инспектор мактабларда, ўрта махсус таълим даргоҳларида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, викторина ва турли мусобақаларни ташкил этади, тадбирларнинг ОАВда ёритилишини таъминлайди. Шунингдек, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича яратилган шароитларни ўрганади, мониторинг қилади ва баҳолаб боради. Аниқланган камчиликлар тўғрисида ҳудудий халқ таълим бошқармаларига маълумот киритади ҳамда таълим муассасаларида мазкур қарор доирасида амалга оширилаётган ишларни назорат қилиб боради.

Шунингдек, мактабларда кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби ҳамда «Яшил чироқ» мусобақаси ташкил этилади.

Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан «Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида боғча тарбияланувчилари ва ўқувчиларга йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали ўргатиш йўлга қўйилади.

Таълим муассасаларига яқин ҳудудларда эса «Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари» ташкил этилади. Бунинг учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкалари ажратилади.

Қарор билан «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клубини ташкил этиш ва «Яшил чироқ» мусобақасини ўтказиш тартиблари тасдиқланди. Клубга 9−11-синф ўқувчилари аъзо бўлиши мумкин. «Яшил чироқ» мусобақаси ғолиблари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.

Шунингдек, 2022−2025 йилларда умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари» ташкил этилади. Умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари соҳасида назарий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ўқув-семинарлар ўтказилади.