Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятидаги янги Кўкдала туманида ўтказилган йиғилишда инсонлар фаровонлиги ва эртанги кунга ишонч ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирди. Ҳокимларга мурожаат қилиб: «Қўлингдан ҳеч нарса келмаса, одамларга ҳеч бўлмаганда 100 та товуқ бер… Олти ой ичида у билан гаплаш. Уларнинг дунёқараши ўзгаради», деган эди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида аҳоли ўртасида товуқлар тарқатилаётган Андижон вилоятини мисол қилиб келтирди. «Кеча Андижонни телевизорда кўрсатишяпти. Товуқ тарқатиляпти. Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа — энг оғир туманларимизда 100 тадан товуқ олганлар: „Мен ҳар куни камида 80 та тухум оламан“, дейди» — дея таъкидлади президент.

Давлат ОАВларининг репортажлари

«Ўзбекистон 24» телеканалининг 20 апрелдаги сюжетида ҳудудларда «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида паррандачилик ривожлантирилаётгани ҳақида сўз боради. Андижон вилоятида йил охиригача аҳоли хонадонларига 957,1 минг бош товуқ ва 30 минг бош куркалар етказиб бериш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 2 минг оиланинг ҳар бирига 100 бош товуқ, 407 хонадонга жами — 20 минг бош курка топширилди.

«Зотдор ва сифатли парранда» етказиб берувчилардан бири — «Пахтаобод паррандаси». Корхона бош ҳисобчиси товуқлар Голландиядан келтирилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, товуқларнинг 60 фоизи тухум қўя бошлагач, харажатлар ўзини оқлайди, одамлар айланма маблағга эга бўлади.

«Оилаларга тарқатилган 100 бош товуқларнинг 80 фоизи тухумга тўлиқ кирган. Агар маҳсулотларнинг 30 донаси уйда истеъмол қилинса, қолган 50 донаси лидер тадбиркор томонидан сотиб олинади. Бир тухумнинг ўртача нархи 1500 сўм бўлса, оиланинг соф даромади 2 миллион сўмдан ошади. Бунда кредит тўлови, озуқа, ем ва оила истеъмоли учун етти хазинанинг бири бўлган — товуқдан келган фойдадан тўланади», — дейилади хабарда.


Фото: Халк сўзи.

Телеканал билан суҳбатлашган айрим фуқаролар кунига 60−70 донадан тухум олишларини айтишган.

Банклар томонидан етказиб берувчиларга қарийб 11 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, бунинг ҳисобига «тадбиркор наслчилик тухумларини хориждан олиб келади, товуқларни инкубаторларда боқади ва 120 кундан сўнг аҳоли хонадонларига тарқатади». Гап тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган эҳтиёжманд оилалар ҳақида бормоқда.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, бунинг натижасида 200 та маҳалладаги 4 мингга яқин оила қўшимча даромад манбаи билан таъминланади.

Парламентнинг «Халқ сўзи» газетаси ҳам аҳолининг ижобий фикрларини келтирмоқда. Пахтаобод туманидан Иззатилло Остонақулов 110 та товуқ кунига 60 та тухум қўйиб, шундан 50 тасини сотаётгани, қолган 10 тасини эса дўконга олиб кетаётганини маълум қилди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, барча товуқлар тухум қўя бошлагач, ойига 5 млн сўм даромад олади.

«Етти хазина дурдонаси» оилавий корхонаси шу кунгача Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Булоқбоши, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларидаги оилаларга 100 минг бош парранда етказиб берган. Мутахассислар ҳар бир оилада бўлиб, товуқ боқиш технологияси бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қўрғонтепалик Абдураҳим Хўжамбердиевнинг айтишича, унинг 80 та товуғи тухум қўяди, 50 тасини сотади, қолганини оиласи истеъмол қилади. Унинг сўзларига кўра, ойига 4,5 млн сўм даромад олади.

Ҳаммаси ҳам қувонарли эмас

Kun.uz нашрининг хабар беришича, бозорда товуқларнинг реал нархи 35−45 минг сўм бўлиб, аҳолига эса 85−95 минг сўмдан кредитга сотилмоқда. Бу миқдорга ҳар бир товуқ учун 20 кунлик ем ҳам киради. Бироқ 100 та товуқ кунига 30 тадан ортиқ тухум қўяётгани йўқ, баъзилари эса касалликлардан нобуд бўлмоқда.

Олтинкўл туманида яшовчи Марҳабо Тўйчиава 8 март куни 94 минг сўмдан 100 бош товуқ сотиб олганини айтди. Аввалига улар кўпи билан 30 та тухум қўйган бўлса, 22 апрель ҳолатига кўра, 15 кундан бери товуқлар тухум туғмаган. Бундан ташқари, 25 та товуқ нобуд бўлган.

«20 кунлик ем беришганди. Шу бўйи беришгани йўқ. Оиламга фойдаси тегсин деб олгандим. Битта ўқувчи фарзандим билан яшайман. Маҳаллақўм билан ҳоким ёрдамчиси: „500−600 минг фойда кўрасиз“, деб бериб чиқиб кетган эди. Энди туғмаётган товуқларга кунига 10 килодан ем олиб беряпман. Тухумларини 700 сўмдан оламиз дейишяпти. Бу бизга фақат зиён», — деди у.

Асака туманида яшовчи Гавхара Худойбердиева ҳам 100 бош товуқ сотиб олган. «Бизга асли қора товуқ берамиз дейишган эди. Мана, қизил товуқларни беришди. 90 минг сўмдан олган товуқларимизни нархи бозордан тенг баробар қиммат экан. Юз товуқдан 20таси тухум туғяпти. Бозорда 700дан сотяпман. Харидор топиш ҳам қийин. Менга товуқларни бераётиб, озуқаси етказиб берилиши, тухумларни ўзлари сотувга олиб кетишини айтишган эди. Шу кунгача озуқа тугаб, зиёнга кириб кетяпман», — деди у.

«Хўжа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иззатой Абдурашидова 200 бош товуқ сотиб олган ва унга 200 килограмм ем қўшиб берилган. Дастлаб товуқлар 30 тадан тухум қўйган бўлса, сўнгги 15 кун ичида улар умуман тухум туғмай қўйишган.

«Товуқларни худди бола боққандай авайлаб боқяпмиз. Олиб келган кунларимиз совуққотмасин деб, кечаси билан „нагреватель“ қўйиб чиқдик. Жуда нозик товуқлар экан. Кечаси билан бир-иккитаси ўлиб қоляпти», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, товуқлар олиб келиб берилган пайтда унга 200 бош деб, 198 та товуқ беришган, шундан 28−30 боши нобуд бўлган.

«Тўғриси, бизга бу товуқларни „80 фоиз тухуми бор“ дейишгани учун олгандик. Шунга қараб ҳисоб-китоб қилганмиз. Ўзимизча икки юзта товуқдан 50 фоиз тухум олсак, 750 минг сўм кредит тўласак, 1 млн 200 мингга дон едирсак, иккита вояга етган фарзандларимига 500 мингдан ойига маош бўлар экан, дегандик. Ҳозир фойда кўришни ўйлаб, адашганимизни биляпмиз», — дейди Иззатой Абдурашидова.

«Биз товуқ олишга бировни мажбур қилмаяпмиз»

Бу ишларни назорат қилувчи Андижон вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўринбосари Дилшодбек Йўлчиенинг Kun.uz'га айтишича, «Пахтаобод парранда» МЧЖа инкубация учун тухумлар Нидерландия ва Беларусдан олиб келинган.

«Биз аҳолига беш ярим ойлик тухум туғадиган товуқларни беряпмиз. Бозорда тухум туғмайдиган товуқлар арзон бўлиши мумкин. Ташиш пайтида ўлган товуқлар қайтариб бериляпти. Ҳеч ким товуқ олишга мажбурланаётгани йўқ. Товуқлар «Пахтаобод парранда»дан ташқари «Хуршид тантанаси», «Етти хазина» ва бошқа паррандачилик корхоналари орқали ҳам тарқатиляпти. Ҳар бир туманда кластерлар ташкил қилинган, улар «муравей» мотоциклларида юриб, тухумларни йиғиб олиб, бозорларда сотишни ташкил қилади», — деди у.

Аслида имтиёзли кредитлар аҳолининг қўйи қисмини иш билан таъминлаши ва даромадини оширишга хизмат қилиши лозим. Кредитдан парранда етиштираётган монопол тадбиркор ёки ўртакаш воситачи эмас, аҳоли фойда кўриши керак, деб ёзади Kun.uz.

Паррандачиликни йўлга қўйган тадбиркорнинг товуқлари ё қирилиб кетади, ё сўйиб еб битирилади, оқибатда фуқаро фойда кўрмайди, кредитни ҳам тўлай олмайди. Бюджет пулидан молиялаштирилган кредит эса «муаммоли кредит»га айлантирилиб, яна солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланади.

Андижон вилояти ҳокимлиги муносабати

Ҳокимлик матбуот хизматининг ёзишича, аҳоли хонадонларига парранда тарқатиш учун ҳар бир маҳаллаларда 1 тадан, жами 870 та кооператив ташкил қилинган. 1 нафардан зооветеринар врач бириктирилиб, кооперативлар томонидан парранда тарқатиладиган хонадонларга товуқ катаклари қуриб берилмоқда.

Тарқатилаётган товуқларнинг нархи бўйича ҳокимликнинг маълум қилишича, ҳақиқтан ҳам бугун бозорда паррандалар 40−50 минг сўм атрофида сотилмоқда, лекин бозорда:

  • паррандаларнинг соғлом эканлигига ва қанча муддат тухум туғишига ҳеч ким кафолат бермайди;
  • товуқ нархига озуқаси қўшиб берилмайди;
  • товуқларда касалликлар аниқланганида, уларни даволаш учун зооветеринар врачлар томонидан пуллик хизмат кўрсатилади;
  • бозорда аҳолига тарқатиладиган парранда миқдоридаги товуқ бўлмайди.

«Ушбу харажатларни ҳисобга олинадиган бўлса, бозор товуқлари таннархи қиймати кўпайиб кетади. Ушбу ҳисоб-китоблардан кўзланган мақсад, аҳолига тарқатилаётган паррандаларнинг сифат даражаси, кафолати белгиланган, бепул назорат қилувчи ветеринар врачлар бириктирилган. Мана шу ҳисоб-китобларнинг ўзи нарх масаласидаги тафовутга жавоб беради», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Ўрганишларда техник сабабларга кўра, тарқатилаётган товуқларнинг 3−4 фоизи нобуд бўлаётганлиги аниқланган. Лекин нобуд бўлаётган паррандалар ўрнига янги паррандалар билан қоплаб бериш тизими ўрнатилгани айтилди.

«Тўғри, парранда тарқатиш давомида транспортировка ва парваришлаш даврида бошқа кўзда тутилмаган сабаблар билан нобудгарчиликлар бўлиши табиий, лекин бу нобудгарчиликлар аҳоли хонадонларига қоплаб берилиши ҳисобига ўз ечимини топмоқда», — дея маълум қилди ҳокимлик.

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда «Ягона электрон платформа» орқали ажратилиб келинаётгани айтилди. Ягона платформа орқали имтиёзли кредитлар олишда «Маркетплейс» электрон савдо дўкони ёрдамида таъминотчи корхона ва фуқаро орқали эркин олди-сотти шартномалари имзоланади.

Шартнома асосида фуқаро кредит олиш жараёнида «Маркетплейс» орқали маҳсулотларни ўзи танлаб олади ва таъминотчи томонидан маҳсулотлар фуқаро хонадонига етказиб берилгандан ва фуқаро томонидан етказилган маҳсулотдан қаноат ҳосил қилганидан сўнг кредит маблағлари ажратилади.

«Ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли хонадонларига тарқатиладиган 100 бош парранда боқиш натижасида хонадонларда кунига ўртача 80 донадан тухум олинса, унинг ҳар бирини 1 минг 100 сўмдан сотилганида бир ойда ўртача 1 млн 121 минг сўм даромад олинишига эришади», — дея қайд этди ҳокимлик.