Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига ташрифининг биринчи кунида янги ташкил этилган Кўкдала туманида аҳоли билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Туман Чироқчи туманининг бир қисмида пайдо бўлган, Еттитом шаҳри унинг маъмурий маркази этиб белгиланган. Бу ерда туман ҳокимлиги ва маҳаллий бўлимлар учун бинолар, «Янги Ўзбекистон» турар-жой массиви, болалар боғчалари ва мактаблар, поликлиникалар, истироҳат боғлари, савдо мажмуалари, йўл бўйида хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 159 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш, 50 километр ичимлик суви ва 80 километр электр тармоқларини қуриш режалаштирилган.

Президент янги биноларни энергия тежамкор қилиб қуриш, уйлар тепасига қуёш энергияси панеллари ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Кўкдалада 500−1000 мегаваттлик қуёш электр станциялари ва қуёш панеллари қорхонасини барпо этиш имкониятини ўрганиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур ишлаб чиқилиши таъкидланди. Бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилади. Жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилади, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари нутқининг бир қисмини «Ўзбекистон 24» телеканали намойиш этди. Туман жамоатчилиги олдида сўз юритар экан, президент шундай деди: «Ҳар бир одам, ҳар бир хонадонда қачон эртанги кунга ишонади? Агар манфаат бўлса. 1 та сигири 2 та бўлса, 1 қўйи 4 та бўлса, 50 та товуғи 100 та бўлса бу — манфаат. Кеча Андижонни телевизорда кўрсатишяпти. Товуқ тарқатиляпти. Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа — энг оғир туманларимизда 100 тадан товуқ олганлар: „Мен ҳар куни камида 80 та тухум оламан“, дейди».

Президент туман ҳокимлари ва сектор раҳбарларига аҳолига товуқ боқиш, бошқа касбларни эгаллашда кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.

«Кеча селекторда: «Жуда бўлмаганда, қўлингдан ҳеч нарса келмаса, туман ҳокими, сектор раҳбари, ҳеч бўлмаганда 100 тадан товуқ олиб бориб бергин, инкубатор олиб келиб, товуқни чиқариб, жўжани қилиб, шуни қилиб бергин ва олти ой ичида у билан гаплаш. Уларнинг дунёқараши ўзгаради», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Қашқадарёда сигирлар сони камайиб бормоқда, уларни боқиш ва парваришлаш учун маблағ ва ветеринар зарур.

«Самарқандда янги ветеринария институтини очдик. Бизга илми керак, нав керак, насли керак. Бизнинг сигирларимиз 3 литр сут берса, Европадан олиб келинганлари 30 литр сут беряпти. Фарқи борми?» — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳокимларда бўлиши керак бўлган фазилатлар ҳақида ҳам гапирди.

«Биз кўплаб ҳокимларни, уларнинг муовинларини алмаштираяпмиз — буларнинг барчаси яхши мақсадларда. Ҳамма ҳам ҳоким бўла олмайди. Ақли, билими бўлиши мумкин, лекин Худо берган ҳиссиёт бўлиши керак, халқни эргаштира олиши керак. Уларни тарбиялаш керак. Бу осон эмас. Бу қийин масала», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил январь ойида президент Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ҳар бир хонадонда 100 та товуқ бўлса, мамлакатда камбағал бўлмаслигини таъкидлаган эди. «Товуқлар кунига камида 50 та тухум бериб, ўзлари учун 10 та тухум сақласа, ҳар куни 40 тасини сотса, кам таъминланган оилалар бўлмайди», — деганди у.

Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда бундан буён ҳар бир маҳалла ихтисослигига қараб қўллаб-қувватланишини айтди. Мисол учун, 2 500 та маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Улар қўшимча қўллаб-қувватланиб, омилкор одамларга инкубатор, хонаки товуқ, асалари уялари етказиб берилса, аҳоли даромади янада ошади, деб хабар берганди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари февраль ойида чорвачиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда фермер хўжаликлари ва қишлоқ аҳолиси ҳамкорлигида чорва моллари сонини кўпайтириш, бунда корхона чорва ва паррандаларни оилаларга бериб, кейин уларнинг маҳсулотларини сотиб олиши зарурлигини айтиб ўтганди. Кооперация асосида аҳолига 350 минг бош қўй-эчки тарқатишни бошлаш ва бунинг учун 100 млн доллар ажратиш бўйича топшириқ берганди.