Украинада уруш туфайли мамлакатни тарк этишга уринган 11 нафар Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолди. Уларни қидириш март ойининг бошидан бери давом этмоқда. «Газета.uz» мазкур вазиятни ўрганди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Киев вилоятининг Буча туманидаги Колоншина қишлоғида база қоровули 9 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исми ва қайси мамлакатдан эканини сўрагани акс этган видео пайдо бўлган эди. Уларнинг ҳаммаси Сурхондарё вилоятидан эканини маълум қилишган.

Улуғбек Амирқулов, Фирдавс Мажидов ва Валишер Асқаров.

Сиратулло Сафаров, Камолиддин Махмаражабов ва Муроджон Ботиров.

Маълумотларга кўра, ўзбеклар ўзларини Улуғбек Нуриддинович Амирқулов (1999 йилда туғилган), Фирдавс Хусанович Мажидов (2001), Валишер Алишерович Асқаров (1994), Сиратулло Сайфуллоевич Сафаров (2004), Камолиддин Усмонович Махмаражабов (1986), Муроджон Усмонович Ботиров (1992), Наврўз Хасанович Хамраев (1999), Ҳумайни Абдураҳмонович Сафаров, Хамидулло Абдурахмонович Абдуманноев (1991) дея таништирган.

Наврўз Хамраев, Хумайни Сафаров ва Хамидулло Абдуманноев.

Улардан ташқари яна икки нафар Ўзбекистон фуқароси — Рўзмат Абдуллаев ва Камолиддин Усмонович Махмаражабов бедарак йўқолган.

Йўқолганларнинг фотосуратлари ва паспорт маълумотлари махсус гуруҳларда тарқалмоқда. Хабарларда айтилишича, меҳнат муҳожирлари Киевга ишлаш учун уруш бошланишидан аввал келган. Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан сўнг ўзбеклар мамлакатни тарк этишга уринган, аммо жанговар ҳаракатлар туфайли улар Буча шаҳрида қолиб кетишган. 3 март куни улар билан алоқа узилиб қолган.

Воқеа қандай содир бўлди?

«Газета.uz» 3 мартдан бери алоқага чиқмаётган, бедарак йўқолган Валишер Асқаровнинг укаси — Сурхондарё вилояти Денов шаҳридан Шерзод Асқаров билан боғланди.

Унинг сўзларига кўра, Валишер ўнлаб сурхондарёликлар қатори уруш бошланишидан беш-олти ой аввал Киевга ишлаш учун кетган. Уларни тадбиркор бир нечта умумий овқатланиш шахобчаларида нон ёпиш, шаурма, сомса ва бошқа таомлар пишириш учун жалб қилган.

«Улар камида 50 нафар эди. Уруш бошланганда ҳаммаси тўпланиб, февраль охири ёки март ойининг бошида машинада Бучага олиб келинди, у ерда омбор бор эди. 50 нафар ичида аёллар ва болалар ҳам бор эди. Уларни эвакуация қилиш учун тадбиркор икки-уч машина жўнатган. Биринчи рейсдан кейин омборда 11 киши қолган. Кейин улар бошқа машина юборишди, аммо бу вақтга қадар рус танклари ва бошқа ҳарбий техникалари аллақачон етиб борган эди», — деди у.

«Руслар машинага қарата ўқ узган, шу сабабли такси ҳайдовчиси омбордаги қолганларга етиб бормай, қочиб кетган. Буни менга умумий овқатланиш шахобчалари бошлиғи айтди ва у такси ҳайдовчисига юртдошларимизни олиб чиқишни буюрди. Таксичи ҳам таниш эди, отишма бўлгани учун бора олмаслигини айтди», — деди Шерзод Асқаров.

Шундан сўнг тадбиркор 11 нафар ўзбекистонликка ҳудудни ўзлари тарк этишни таклиф қилган, ўшанда ҳудудга кириш тақиқи аллақачон жорий қилиб бўлинганди.

«Улар икки-уч кишидан иборат гуруҳларга бўлинишди. Икки киши ҳарбий хизматчилардан бирининг машинасида бу ҳудудни тарк этишга муваффақ бўлди. Тўққиз киши қолди. Бу вақтга келиб, танклар кириб келди ва чиқиш ҳам тақиқланди. Улар ўрмонга қочиб кетишди ва у ерда уларни видеога олган қоровулни учратишди», — деди Валишер Асқаровнинг укаси.

Унинг сўзларига кўра, туман ҳокимлиги унинг оиласидан воқеа ҳақида хабар бермасликни сўраган, бироқ бу ёзувлар тармоқда пайдо бўлиб улгурган.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, қидирув ишлари 3 мартдан бери давом этмоқда.

«Биз вазиятдан хабардормиз. Жорий йилнинг 3 мартидан бошлаб фуқароларимизни ҳар томонлама қидирмоқдамиз», — деди дипломатик миссия вакили.

Буча шаҳри 5 мартдан 31 мартгача рус қўшинлари назорати остида эди. Россия ҳарбийлари шаҳарни тарк этгач, тинч аҳолининг жасадлари билан тўлиб тошган кўчаларнинг фотосуратлари дунё бўйлаб тарқалди. Украина президенти Владимир Зеленский маҳаллий аҳолининг ўлимида рус аскарларини айблади. Россия Мудофаа вазирлиги фото ва видео материалларни «провокация» ва «саҳналаштириш» деб атади.