Огоҳлантириш: материалда оғир таркиб мавжуд, фотосуратларда ўлик одамлар тасвирланган.

3 апрель куни Украина президенти Владимир Зеленский Киев чеккасидаги Буча кўчаларида баъзиларининг қўллари орқасига боғланган ҳолда ётган тинч аҳоли жасадлари суратларини эълон қилди.

Давлат раҳбари россиялик аскарларнинг оналарини ушбу кадрларни томоша қилишга таклиф қилди. «Қаранг, қандай разилларни тарбиялагансиз. Қотиллар, талончилар, жаллодлар», деб ёзди у.

Украина матбуотининг хабар қилишича, 2 апрель куни чекинаётган рус қўшинлари шаҳарни тарк этганидан сўнг, Украина ҳарбийлари карвони Бучага етиб келган. Киев йўналишида ҳарбий фаолликни тубдан қисқариш ҳақида аввалроқ Украина билан музокараларда Россия делегацияси аъзоси, РФ мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин маълум қилган эди.

фото: Халқаро ахборот агентлиги / Zelenskiy Official / Telegram

Украина бош прокурори Ирина Венедиктова 3 апрель куни Киев вилоятининг озод қилинган 3 та туманидан ҳалок бўлган тинч аҳолининг 410 жасади олиб чиқилганини маълум қилди.

Буча шаҳар кенгаши депутати Катерина Украинцеванинг сўзларига кўра, Бучада бомбалаш ва портлашлар 24−25 февраль кунлари бошланган, 4 март куни марказий кўчадан ҳарбий техника колоннаси ўтган, ишғол 5 март куни содир бўлган. «Буча ўзини тажовузкор тутмади. Бизда украин митинглари бўлмаган, ҳеч ким байроқ билан чиқмаган», — деди депутат.

Унинг айтишича, Яблонская кўчасида Россия блокпости ўрнатилган. «Эвакуация қилиш — Украинага бориш учун Россия блокпостидан ўтишлари керак эди. Қанча одам кетишга муваффақ бўлгани номаълум, аввал жасадлар саналади. Кеча биз [кўнгиллилар] гуманитар ёрдам етказдик, жамоадан бири бу жасадларни кўрди. Кимдир [ўлимидан олдин] велосипедда, кимдир жуфт бўлиб сайр қилаётган бўлган. У ерда улар бутунлай бошқача ётишарди. Биз фотосуратлардан уларнинг ўлими сабабини аниқлай олмаймиз. Бу экспертизадан кейингина аниқ бўлади», — деди Катерина Украинцева.

фото: Халқаро ахборот агентлиги / Zelenskiy Official / Telegram

CNN нашрининг Бучадан тайёрланган репортажида шаҳарликлар оммавий қабрлар ва ҳовлиларда баъзиларининг қўллари оқ мато билан танғилган 20 нафар тинч аҳолининг жасадларини кўрсатишган. Уларнинг энсасига ўқ узилган, деди Буча мэри Анатолий Федорук Reuters агентлигига.

Лавҳаларга БМТ бош котиби Антониу Гутерриш муносабат билдириб, тергов ўтказишга чақирди: «Украинанинг Буча шаҳрида ўлдирилган тинч аҳолининг суратлари мени қаттиқ ларзага солди. Мустақил тергов айбдорларнинг жавобгарликка тортилишига олиб келиши зарур».

Фото: Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Европа Иттифоқи 4 апрель куни «Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган ва ҳозирда озод қилинган бир қатор шаҳарларда содир этилган ваҳшийликларни кескин қоралайди», — дея баёнот берди. Баёнотда айтилишича, Россия расмийлари ҳудудни амалда назорат қилган пайтда содир этилган ваҳшийликлар учун жавобгардир.

«Уруш жиноятлари ва бошқа жиддий қонунбузарликларни содир этганлар, шунингдек, масъул давлат амалдорлари ва ҳарбий раҳбарлар жавобгарликка тортилади, — дейилади баёнотда. — Биз Халқаро Жиноят Суди прокурори томонидан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича бошланган терговни, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Тергов комиссияси фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз».

фото: Халқаро ахборот агентлиги / Zelenskiy Official / Telegram

Аввалроқ Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, АҚШ раҳбарлари ва НАДО бош котиби Йенс Столтенберг кескин қоралаш билан чиқишди.

Россия Мудофаа вазирлиги ўзининг Telegram каналида суратлар ва видеоларни «навбатдаги провокация» ва «Ғарб ОАВлари учун саҳналаштирилган» деб атади ҳамда «бу аҳоли пункти Россия қуролли кучлари назорати остида бўлган вақт давомида бирорта ҳам маҳаллий аҳоли қандайдир зўравонлик ҳаракатларидан жабрланмаганини» маълум қилди. «Барча рус бўлинмалари 30 март куни Бучани бутунлай тарк этишди, жиноятлар далиллари фақат УХХ зобитлари шаҳарга келганидан сўнг 4-кунида пайдо бўлди», дейилади вазирлик хабарида.

Россия «Украина радикалларининг Бучадаги очиқ-ойдин провокацияси»ни муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиш тўғрисида сўров юборди, бироқ у рад этилди.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Чернигов, Харьков ва Киев вилоятларида 27 февралдан 14 мартгача бўлиб ўтган ҳарбий зўравонлик ва тинч аҳолига қарши жиноятлар гувоҳларининг ҳужжатлаштирилган маълумотлари ҳақида маълум қилди. Хусусан, ҳисоботда иккита суддан ташқари қатл қилингани ҳақида хабар берилган: 27 февраль куни Чернигов вилоятидаги қишлоқда камида олти киши ва 4 март куни Бучада бир киши. Ҳисоботда тинч аҳолига нисбатан зўравонликларга оид бошқа маълумотлар ҳам мавжуд.

фото: Халқаро ахборот агентлиги / Zelenskiy Official / Telegram

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари бошқармасининг маълум қилишича, 3 апрель ҳолатига кўра, 24 февраль куни Россиянинг ҳарбий агрессияси бошланганидан бери Украинада камида 1417 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Улардан 293 нафари эркак, 201 нафари аёл, 22 нафари қиз ва 40 нафари ўғил болалар, яна 59 нафари болалар ва 802 нафари шахси аниқланмаган катталар. БМТнинг таъкидлашича, ҳақиқий рақамлар анча юқори. Шунингдек, 2038 нафар тинч аҳоли жароҳатланган, улардан 1036 нафари Донецк ва Луганск вилоятларидан.