Афғонистон томони «Сўғдиёна-Транс» («Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти шўба корхонаси)нинг «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўл йўналиши 2011 йилда фойдаланишга топширилганидан буён бошқаришдаги фаолиятидан «тўлиқ мамнун». Бу ҳақда 12−14 апрель кунлари Термизда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабарида айтилади.

Делегацияларга томонларда «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раиси ўринбосари в. б. Акмал Камолов ҳамда Афғонистон Темир йўллари бошқармаси раиси Бахтурраҳмон Шарафат раҳбарлик қилди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари».

Аввалроқ афғон ОАВлари ARA «Афғонистон манфаатларини ҳисобга олмасдан тузилган» мамлакат темир йўл вокзаллари фаолияти тўғрисидаги келишувни қайта кўриб чиқиш ниятида экани ҳақида хабар берган эди.

Шанба куни Афғонистоннинг TOLO News телеканали ҳам 75 км узунликдаги «Ҳайратон — Мозори-Шариф» йўналишининг техник масалаларини бошқариш аста-секин Афғонистон назоратига ўтишини маълум қилди. Телеканал Бахтурраҳмон Шарафатга таяниб, бу давлатнинг юк ташишдан тушадиган даромадларини оширишини хабар қилди. ARA раҳбарининг айтишича, Ўзбекистонга 10 майдан кейин линияни ишлатишдан даромадни Афғонистон олишни бошлаши ҳақида хабарнома юборилган.

ARA сайтида делегациянинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ҳақидаги хабарда темир йўл соҳасидаги келишувларни бекор қилиш муҳокама қилиниши режалаштирилган масалалар ҳам борлиги айтилган.

Музокаралар якунлари бўйича «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қуйидагиларни маълум қилди: «Учрашувда меҳмонлар ОАВда Афғонистон „Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ билан ҳамкорликни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақидаги ёлғон маълумотни рад этди. Бундан фарқли ўлароқ, Б.Шарофат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш режасини алоҳида таъкидлади».

«2021 йилнинг иккинчи ярмидаги вазиятни ҳисобга олсак, Афғонистонда темир йўл юк айланмасида сезиларли пасайиш кузатилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ҳамкорликдаги ишлар туфайли юк айланмаси ҳажми ўтган йилги кўрсаткичга (1,1 млн тоннадан ортиқ) етди», — дейилади хабарда.

ARA хабарида «Ҳайратон» станциясида юкларнинг тўпланиб қолиши уларнинг бузилишига олиб келгани муаммоси ҳақида сўз борди. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонлар вагонларни туширишни тезлаштириш, шунингдек, «Найбобот» ва «Мозори-Шариф» станцияларини қайта тиклаш ишларини жадаллаштириш учун мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ниятида эканини маълум қилди.

Фото: ARA.

Афғонистон томони «Ҳайратон — Мозори-Шариф» линиясини бошқариш бўйича келишувга кўра Ўзбекистон компанияси йилига 18 лн доллар олиши, маҳаллий компаниялар эса ушбу маблағнинг 25 фоизига худди шундай ишларни бажаришга тайёрлигини маълум қилди. TOLO News хабарига кўра, Афғонистон ҳукуматининг ушбу йўналишдан оладиган даромади ойига 2,5 млн доллардан 4 млн долларгачани ташкил этади.

Афғонистон делегацияси Термизда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ва Термиз локомотив депоси қошидаги ёш афғон темирйўлчилари малака ошираётган ўқув марказида ҳам бўлди. Афғонистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун Афғонистондаги «Ҳайратон» станцияси негизида ўзбекистонлик темирйўлчилар билан биргаликда дала ўқув маркази ташкил этиш режалаштирилган.

Афғонистон делегацияси инфратузилмани, айниқса, темир йўл лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади, чунки бугунги кунда Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш векторларидан бири Марказий Осиёнинг Жанубий Осиё билан интеграциялашуви лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдорлик ҳисобланади.

Музокараларнинг алоҳида нуқтаси «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилиши лойиҳасини жадаллаштириш бўлди. Хусусан, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тезроқ тайёрлаш учун маршрут бўйлаб дала экспедициясини ташкил этиш ва ўтказиш тафсилотлари муҳокама қилинди.

Афғонистон импортининг қарийб ярми, шунингдек, гуманитар юкларнинг салмоқли қисми «Ҳайратон» орқали ўтади. Ўтган йил охирида «Ўзбекистон темир йўллари» Афғонистондан юк ташиш ҳажмини ошириш режасини эълон қилган эди. 2021 йилда Афғонистондан темир йўл орқали 32,4 минг тонна (564 вагон) юк (қуруқ мевалар, картошка, мандарин ва тальк) ташилди. Бунда ушбу юкнинг қарийб 16 минг тоннаси Ўзбекистонга, 13,8 минг тоннаси Қозоғистонга, 2570 тоннаси Россияга мўлжалланган.