Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ҳайвонот дунёсига зарар етказиш ҳолати аниқланди, дея хабар қилди Департамент матбуот хизмати.

Департаментнинг Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф. Т. тақиқланган ов қуроли — «леска»дан тўқилган тўрлардан фойдаланиб, табиий ҳудуддан 107 бош судак, 22 бош зоғорабалиқ (сазан), 20 бош «товонбалиқ», «оқ амур» ва «вобла» каби балиқларини овлагани аниқланди. Ушбу хатти-ҳаракатлари билан фуқаро ҳайвонот дунёсига 31,2 млн сўм зарар етказилгани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.