16 апрель куни Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Йиғилишда федерация Ижроия қўмитасининг янги таркиби тасдиқланди.

Унда ҳозирда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) бош котиби сифатида фаолият юритиб келаётган Умид Якубов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси президенти этиб сайланди.

Тажрибали мутахассис, тадбиркор Ғофур Раҳимов биринчи вице-президент лавозимини эгаллади. Шунингдек, Зиёвуддин Хожиниёзов федерация вице-президенти бўлди. Улар вазифаларига жамоатчилик асосида сайланишди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ғофур Раҳимов 2018 йилнинг ноябридан 2019 йилнинг июлига қадар Халқаро бокс ассоциацияси AIBA раҳбарлик қилганди. Унгача АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активлар назорати департаменти уни санкцион рўйхатга киритган эди. Шунингдек, Халқаро олимпия қўмитаси унинг ўз номзодини ушбу лавозимга илгари суриши бокс олимпия мақомини сақлаб қолиш масаласига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.