Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти Ғофур РАҳимов истеъфога чиқди. AIBA сайтида унинг баёноти эълон қилинди.

«Сўнгги бир ярим йил давомида мен ташкилотимиздаги вазиятни барқарорлаштириш учун ташланаётган одимларни тасдиқлашингиз ва қўллаб-қувватлашингизни доимо ҳис этдим», — дейилади баёнотда.

Ғафур Раҳимов боксдаги мураккаб ислоҳотлар унинг сиёсий тус берилган ёлғон айбловларга қарши ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган жараёнлар билан бир вақтга тўғри келиб қолганини таъкидлади.

«Мазкур жараёнлар ўз номимни ушбу ёлғон айбловлардан тозалашни тезлаштириш учун мунтазам равишда суд ва бошқа маҳкамаларда бўлиб туришни талаб қилади», — дейилади баёнотда.

Ғофур Раҳимов 2018 йил ноябрда AIBA раҳбари бўлган эди. Унгача АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активлар назорати департаменти уни санкцион рўйхатга киритган эди. Шунингдек, Халқаро олимпия қўмитаси унинг ўз номзодини ушбу лавозимга илгари суриши бокс олимпия мақомини сақлаб қолиш масаласига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.