10 куни ичида Тошкент шаҳрининг асосий йўлларидаги чуқурларни бартараф этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 13 апрель куни шаҳар маъмуриятида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилди.

«Хабаринглар бор, шаҳарда қишимиз унчалик оғир ўтмади, лекин охирги 50−60 йилда бундай ёғингарчиликни Тошкент шаҳри кўрмаганди. Ëғингарчиликдан кейин шаҳарда асфалтлар ўзини яққол қиёфасини кўрсатди ва катта чуқурликлар пайдо бўлди. Бу фуқароларимизнинг кескин эътирозларига сабаб бўлаяпти», — деди у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимият ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Умаровга кўчалардаги барча чуқурликларни 10 кун ичида бартараф этишга кўрсатма берди.

«Анвар ака 10 кун муҳлатда туман ҳокимлари барча керакли бошқармалар билан бирлашиб, бутун Тошкент шаҳридаги мавжуд хусусий ва ўзингизни бошқармангизга тегишли бўлган техникаларни ҳаммасини жалб қиласиз. 10 кун — сизга муҳлат. 10 кун ичида шаҳардаги катта кўчаларда, асосий машина юрадиган кўчаларни тўлиқ таъмирлашиз керак. Мен тушунаман оғир, шаҳримиз катта, кичкина эмас. Лекин масъулиятни [ўз зиммангизга] олишингиз керак. Керак бўлса кечки пайт ишларни ташкиллаштирасиз», — деди ҳоким.

У ички ишлар органларидан таъмирланаётган кўчаларни қаттиқ назоратга олиб, аҳоли ҳаракатланиши учу қулайлик яратиб беришга масъул бўлишлари керак.

«10 кундан ўтиб кетса кечирилмайди. Ҳурматли прокуроримизга илтимос қиламиз, маблағларимиз бекорга сарф бўлмаслигини, сифатини текширишни назорат қилиб берасизлар… Бирорта чуқурлик қолмаслиги керак. Сифатсиз қабул қилмаймиз», — деди у.

Ҳоким шунингдек, мутасаддилардан илтимос қилиб, «ишчилар кундузи дам оволиб, кечаси машина йўқ вақтида ишлашини, одамлар ишга кетаётган ва қайтаётган вақтда, тирбандлик пайти йўлни тўсиб қўйиб, аҳолини эрталабдан асабини бузиб ишламасликни сўради».

Шаҳар прокурорига одамлар тирбандлик вақтида йўл таъмирланаётгани устидан шикоят қилса, буни шахсан назоратга олиши ва чора кўриши таъкидланди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шунингдек, фуқаролардан қаерда чуқурликларни кўрса, суратга олиб, «Халқ назорати» портали орқали юборишларини сўради.

«Биз 2022 йилда яшаяпмиз, олдинги асрда эмас. Бундан кейин қиладиган ишларимиз энди ақлли, тартибли, сифатли бўлиши керак. Ким [ишларни] сифатсиз қилса жавоб беради», — деди у.

Маҳаллаларда ички йўлларда мавжуд чуқурликларни «Обод маҳалла» дастури доирасида йил давомида бартараф этиш режалаштирилган.