Тошкент шаҳар ҳокимияти Рақамли ривожланиш департаменти февраль ойида «Халқ назорати» хизматини ишга туширди. «Газета.uz» лойиҳа раҳбари Ойбек Ниёзовнинг ушбу хизматнинг мақсад ва вазифалари, нима учун у ҳақиқатан ҳам шаҳарни обод қилиши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласини ҳавола этади.

«Халқ назорати» хизмати нима учун керак?

Ушбу хизмат фуқароларнинг маиший муаммолари ва шаҳарнинг инфратузилмавий камчиликларини ҳал қилишга қаратилган. Унинг ёрдами билан тошкентликлар йўлларнинг ҳолатидан шикоят қилишлари, бузилган лифт ёки ишламайдиган светофор ҳақида маълум қилишлари мумкин. Биз муаммолар ҳақидаги маълумотларни тегишли идораларга етказамиз ва улар ушбу муаммоларни ҳал қилишади. Бу каби хизматлар Жанубий Корея, Эстония, Россия ва бошқа мамлакатларда мавжуд.

Агар фуқаро маълум бир кам таъминланган оилага ижтимоий турар жой ажратиш кераклигини сўраб мурожаат қилса, биз бу мурожаатни рад этамиз. Хоҳламаганимиз учун эмас, балки бу каби муаммолар хизматнинг мақсадлари ва вазифаларига мос келмаслиги сабабли. Бундай муаммоларни шаҳар маъмурияти, халқ қабулхоналари, президент портали ва бошқа давлат идораларига мурожаат қилиш орқали ҳал қилиш осонроқ ва самаралироқ.

Хизмат қандай яратилган

Дастлаб биз «Халқ назорати» хизматини 2020 йил 1 августда ишга туширмоқчи эдик. Аммо уни ишга тушириш вақтини кечиктиришга тўғри келди, чунки дастлабки концепция нотўғри эди. Платформанинг биринчи версиясида барча шикоятлар битта маълумотлар базасига тушарди ва қўлда сараланарди. Худди почта қутиси каби эди. Биз бу етарли даражада қулай ва самарали эмас деган қарорга келдик ва муаммолар дастур томонидан сараланиб, дарҳол ўз манзилига етиб бориши учун жараённи автоматлаштириш устида ишлай бошладик.

Кейин биз шаҳар идоралари ходимларига платформадан қандай фойдаланиш кераклигини тушунтирдик. Улар бизга фикр-мулоҳазаларини билдиришди, шундан сўнг биз хизматни янада такомиллаштирдик ва интерфейсни иложи борича тушунарли ва эстетик жиҳатдан яхшироқ қилишга ҳаракат қилдик. Натижада, хизматнинг ишга туширилиш вақти яна икки марта орқага сурилди ва фақат февраль ойида фаолиятни йўлга қўйдик.


Хизматдан фойдаланиш бўйича давлат идоралари ходимлари учун тренинг. Фото: Тошкент ҳокимияти.

«Халқ назорати» ишга туширилган куни бизда фойдаланувчилар сони катта эди. Сервернинг ишдан чиқиши сабабли фойдаланувчилар рўйхатдан ўта олишмади. Бир неча соат ичида биз муаммони бартараф қилдик ва рўйхатдан ўтиш қайта тикланди. Носозлик бўлишига қарамай, биринчи куни 382 киши тизим рўйхатидан ўтишди.

Биз платформани яхшилашга улгурдик: асосий дастурий хатоларни аниқладик, рўйхатдан ўтишдаги муаммоларни бартараф қилдик ва серверни ишончли қилдик — энди биз сервер тўсатдан ишдан чиқмаслигини аниқ биламиз.

Ишга туширилгандан сўнг, биз баъзи идоралар фуқароларнинг муаммоларини бартараф этишда масъулиятсизлик билан ёндашаётгани билан тўқнаш келдик. Бундан ташқари, шаҳар идораларининг айрим ходимлари ушбу платформа қандай ишлашини дарҳол тушунишмади, натижада, аҳоли сўровлари узоқ вақт жавобсиз қолди.

Хизматнинг эски иш услубларига нисбатан битта муҳим устунлиги бор: у ҳужжатлар билан ортиқча расмиятчиликни талаб қилмайди ва шаҳар идоралари ходимларига фуқаролар билан онлайн мулоқот қилишда ёрдам беради, бу уларнинг муаммоларини ҳал қилишни тезлаштиради.

Шаҳар идоралари илгари қандай ишлаган

«Халқ назорати» хизмати ишга тушгунга қадар аҳолининг муаммолари қоғоз журналларга қайд этилган. Сўнгра улар «сув йўқ», «газ йўқ», «йўллардаги чуқурлар» ва бошқалар каби тоифаларга бўлинган. Кейин маълумотлар қўлда Excel ҳужжатга киритилган. Шундан сўнг, ҳужжат масъул идораларга юборилган. Ҳар бир шаҳар идораси, шунингдек, ўз дафтарларини юргизишган. Улар ҳам худди юқорида айтилгани каби дафтарга ёзилган муаммоларни қайта Excel ҳужжатга киргизишган.

Натижада, ҳамманинг ўз дафтарлари ва ҳужжатлари бўлган. Муаммоларни қайд этиш, уларнинг ҳал қилинган-қилинмаганлигини аниқлаш жуда қийин эди. Бутун жараён жудаям узоқ — баъзан бир неча ой давом этган.

«Халқ назорати»да ҳамма нарса осон: ягона маълумотлар базаси, ҳар бир идора учун шахсий кабинетлар, муаммолар онлайн келади, уларни бир-икки марта тугмага босиш орқали кўриш ва ечилганини белгилаш мумкин.

Платформа ўзи муаммоларни саралайди ва керакли идоранинг шахсий кабинетига йўналтиради. Идоралар муаммони унутишидан сақлаб турувчи таймерлар мавжуд. Ва энг муҳими, шикоят муаллифи ўзи тасдиқламагунча, муаммони ҳал қилинган деб белгилашнинг имкони йўқ.

«Халқ назорати» қандай ишлайди?

Юқорида таъкидлаганимиздек, платформа фуқароларнинг маиший муаммолари ва шаҳарнинг инфратузилмавий камчиликларини ҳал қилишга қаратилган. Агар сизнинг лифтингиз бузилиб қолса, бирор бир жойда светофор ишламай қолса ёки атрофингизда керакли йўл белгилари бўлмаса, агар сиз йўллардаги чуқурларни пайқасангиз ёки сув, газ, электр токи ўчиб қолса — «Халқ назорати» бу муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради .

Ҳар бир шикоят Тошкентнинг интерактив харитасида қайд этилади, бу тизимдаги муаммоларни аниқлашга ёрдам беради. Масалан, шаҳарнинг бирор бир жойида йўлларнинг сифати тўғрисида ўнлаб шикоятлар бўлса, бу пойтахт маъмуриятига ушбу жойдаги йўл инфратузилмаси янада самарали ва тизимли ечимларга муҳтож эканлигидан дарак беради.


Тизимда рўйхатдан ўтиш учун фуқаролар паспорт маълумотларини киритишлари керак. Амалдаги қонунчиликка биноан, биз аноним мурожаатларни кўриб чиқа олмаймиз. Бундан ташқари, агар фуқаролар муаммо ҳақида бошқа идораларга хабар беришга ҳаракат қилсалар, улар ўзларининг паспорт маълумотларини ҳам тақдим этишлари лозим.

«Халқ назорати»га келиб тушган мурожаатнинг қандай кўриб чиқилишини фараз қиламиз. Масалан, мобил иловада сиз «Ўчиб кетган пиёдалар йўл чизиқлари» муаммоси тоифасини танладингиз, манзилни танладингиз ва ариза юбордингиз. У дарҳол керакли ташкилотга, бу ҳолда — Йўл ҳаракатини ташкиллаштириш марказига (ЙҲТМ) юборилади.

ЙҲТМ бизнинг тизимимиздан муаммо тўғрисида, унинг манзили, шикоят матни ва илова қилинган бўлса, ўчирилган йўл чизиқлари фотосурати (фотосуратни юбориш шарт эмас, лекин бу муаммонинг ечимини тезлаштиради) ҳақида маълумот олади. Кейин манзилга ходимлар юборилади, улар йўл чизиқларини янгилайди ва натижани суратга олади. Натижада, муаммо ҳал қилинганлиги тўғрисида хабар оласиз. Сиз муаммо ҳақиқатан ҳам ҳал қилинганлигини тасдиқлашингиз ёки хабарномани бекор қилишингиз ва муаммони қайта кўриб чиқишга юборишингиз мумкин.

Муаммони ҳал қилиш учун ижрочига 10 кун берамиз. Аммо у ушбу муддатни узайтирилиши сабабини мажбурий тушунтириш шарти билан узоқроқ муддатга ўзгартириши мумкин. Ҳозир муаммоларнинг моҳиятига қараб, уларни ҳал қилиш учун аниқ муддат белгилаш устида ишлаяпмиз. Бироқ, масалан, светофорни таъмирлаш вақт, йўллардаги чуқурларни ямаш эса маблағ талаб қилади.

Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, муаммоларни маълум идорага юборган бўлишимизга қарамай, иш барибир бажарилмайди. Бунга сабаб сифатида турли омилларни келтиришимиз мумкин: баъзи идоралар ҳали тизимга тўлиқ ўрганмаган, баъзилари ходимларнинг етишмаслиги сабабли муаммоларни ҳал қилишга улгурмайди, қаердадир эса масъулиятсизлик халақит беради.

Биз бу каби муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз: идоралар билан учрашувлар ўтказамиз, платформа қандай ишлашини кўрсатамиз ва маҳорат дарсларини ташкил қиламиз. Биз вақт ўтиши билан фуқароларнинг «Халқ назорати»га келадиган ва хизмат билан боғлиқ барча муаммолари ўз вақтида ва тўғри йўл билан ҳал этилади деб умид қиламиз, аммо ҳозирча ҳар доим ҳам бу ишнинг уддасидан чиқолмаяпмиз.

Бундан ташқари, биз модераторларни — вазифаси мунозарали вазиятларга объектив жавоб бериш бўлган манфаатсиз томонни ёлладик. Модераторлар ариза берувчининг рози бўлмаган масалаларини қайта кўриб чиқишади. Улар шикоятчининг аризаси ва жавобини, чатдаги ёзишмаларни ўрганишади ва ниҳоят, аризани қайта кўриб чиқишга юбориш ёки ишни бажарилган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилишади. Модератор ариза берувчига ўзининг қарори тўғрисида хабар беради.

Ижрочиларга фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилганлиги учун тўлов олиш тақиқланади. Агар ариза берувчидан пул талаб қилинса, бу ҳақда «Халқ назорати» хизматининг ўзи (модератор кўриб турган суҳбатда ёки муаммони ёпишда) орқали хабардор қилиш керак. Бундан ташқари, сайтнинг юқори қисмида «Хатолик ҳақида хабар бериш» тугмаси мавжуд. У ўша ернинг ўзида муаммолар ҳақида хабар бериш мумкин бўлган Телеграм ботига олиб ўтади.

Ҳаётий ҳолатлар бўйича мисоллар

Келинг, фараздаги мисолларни бир ёққа суриб қўямизда, ҳаётий мисолларни келтирамиз. Яқинда Юнусобод туманидан бизга мурожаат келиб тушди. Нафақахўрнинг айтишича, ёмғир пайтида канализация тизимининг ёмон ишлаши сабабли унинг ҳовлиси ифлосланган сув билан тўлган.


Фото: Тошкент ҳокимияти.

Унинг сувоқава идорасига қилган мурожаатлари жавобсиз қолган, шунинг учун у «Халқ Назорати»га ёзишга қарор қилади. Натижада, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ходимлари платформанинг шахсий кабинетидаги аризани кўришди ва мурожаатчининг муаммосини бир кунда бартараф этишди.


Фото: Тошкент ҳокимияти.

Бошқа бир мурожаат Мирзо Улуғбек туманидан келиб тушди. Кўп қаватли уйларнинг бирида лифтни алмаштириш ишлари тўрт ойга чўзилган. Ушбу уйда яшовчи фуқаро шу вақт давомида одамлар тўққизинчи қаватга қоронғиликда зинадан чиқишлари кераклиги ҳақида ёзган. Уй эгалари орасида бўлган нафақахўрлар учун зинадан кўтарилиш айниқса қийин. «Халқ назорати»га қилинган мурожаатдан сўнг лифт 20 кун ичида ўрнатилди.

Учтепа тумани Тўқимачи кўчасида йўлнинг ўртасида ичидан ёғоч таёқ чиқиб турган очиқ чуқур бор эди.


Фото: Тошкент ҳокимияти.

Бу ҳайдовчилар ва пиёдалар учун хавфли эди — чуқурга осонгина тушиб кетиш ёки уни босиб ўтиш мумкин эди. Одамлар бу ҳақда «Халқ назорати»га ёзишди ва 24 соат ичида чуқурлар ямалди.


Фото: Тошкент ҳокимияти.

Албатта, ҳар доим ҳам барча муаммолар ҳал этилмайди. Юқорида санаб ўтилган сабабларга қўшимча равишда, биз фуқароларга ёрдам бера олмаган яна бир мисолни келтирамиз.

Чилонзор туманидаги тураржой ҳовлисидан бирида янги асфальт ётқизилган, аммо транспорт ҳаракатини тинчлантириш учун ҳеч қандай тўсиқлар кўзда тутилмаган. Натижада ҳайдовчилар жуда тез ҳаракатланиб, пиёдалар учун хавф туғдирган.

Ушбу муаммо тўғрисида «Халқ назорати»га мурожаат келиб тушган, фуқаро бир нечта сунъий нотексликлар («ётиқ полициячи») ўрнатишни сўраган, ҳатто тахминий ўрнатиш нуқталари харитасини илова қилган. Бир қарашда ажойиб ғоя. Аммо бунинг иложи йўқ, «ётиқ полициячи» ўрнатиш масаласи ҳокимият ваколатига кирмайди.

Турар-жой биноларининг ҳовлилари ХУМШга тегишли бўлиб, ушбу ҳудудда «ётиқ полициячи» ўрнатиш тўғрисида қарор ширкат томонидан қабул қилиниши керак. Бундан ташқари, уларни ўрнатиш харажатлари ХУМШнинг ўзлари томонидан қопланиши керак.

Агар катта йўлда тўсиқ ўрнатиш зарур бўлса, биз аризани қабул қилиб, ЙҲХББга юборишимиз мумкин эди, аммо ҳокимият идоралари ХУМШга таъсир кўрсатиш учун қонуний ҳуқуққа эга эмаслар.

Биз мурожаат этувчига унга ушбу муаммони ҳал қилишда ёрдам беролмаслигимизни айтдик. Жавобларимизда биз ҳар доим қайси идора муаммони ҳал қилиши мумкинлигини кўрсатамиз ва уларнинг ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосларига ҳаволаларни тақдим қиламиз.

Платформанинг муаммолари

Ҳозирги асосий муаммо — омниканал чипта тизимининг (ОЧТ) йўқлиги. ОЧТ — бу ҳокимият билан ўзаро алоқанинг барча каналларидан фуқароларнинг сўровлари тўпланадиган тизим. «Халқ назорати» билан параллель равишда ҳокимиятнинг ишонч телефони ва электрон почта орқали иш олиб борилади ва ушбу каналларнинг ҳар бири аҳоли мурожаатларини ва уларнинг тарихини бир-биридан алоҳида сақлайди.

Агар бизда ОЧТ бўлса, барча сўровлар муаммо қай йўл — телефон, электрон почта ёки тўғридан -тўғри платформага ёзиш орқали билдирилганлигидан қатъий назар, битта онлайн маълумотлар базасига тушиши мумкин эди. ОЧТни яратиш бизнинг мақсадимиз.

Яна бир муаммо шундаки, кўплаб идоралар онлайн платформага ўтишга тайёр эмас. Улар дафтарлар ва Excel ҳужжатларга ўрганиб қолишган ва замонавий технологияларга мослашишлари қийин кечмоқда.

Келажакка режалар

Биз сув, газ ёки электр қуввати узилиши тўғрисида огоҳлантириш тизимини яратишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозир одамларга қийин, чунки коммунал хизматлар тўсатдан ўчиши мумкин. Буни тошкентликлар, масалан, бирор бир таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлса, масалан, уч кун ичида сувнинг ўчириб қўйилишини аниқ билишлари учун тўғирламоқчимиз.

Баъзида авариялар содир бўлади ва шу сабабли бирор бир жойда чироқ ўчади. Одатда, одамлар нима бўлганини ва электр қачон тузатилишини билишмайди. Агар улар «Халқ назорати»да рўйхатдан ўтишган бўлса ва ҳодиса таъсир қилган уйларда яшашса, бизнинг огоҳлантириш тизимимиз бу ҳақда уларга хабар беради.

Биз платформанинг имкониятларини доимий равишда кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Дастлаб бизда 60 тоифадаги муаммолар мавжуд эди, аммо биз ҳудудий экология бошқармалари, «Ўзбектелеком» ва бошқаларни уладик. Хизматнинг имкониятлари доимий равишда ўсиб боради.

Бундан ташқари, биз ушбу хизматни нафақат Тошкент аҳолиси, балки мамлакатнинг барча фуқароларига ёрдам берадиган даражада бутун мамлакат бўйлаб миқёсини кенгайтирмоқчимиз.

Баъзи статистик маълумотлар

Апрель ойи охирида хизматга 1363 та сўров келиб тушди. Улардан 352 таси ижобий ҳал қилинди, 724 таси турли сабабларга кўра ҳал қилинмади, 126 таси такрорланганлиги, маълумот етишмаслиги ва бошқа сабабларга кўра рад этилди.

Ҳозирча Яшнобод тумани энг фаол ҳисобланади. У ердан 295 дан ортиқ аризалар келиб тушган. Ундан кейин Юнусобод (276) ва Мирзо-Улуғбек (250) туманлари мурожаатлар сони бўйича фаоллик кўрсатишяпти.

Кўпинча йўллар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Фойдаланувчиларнинг 57 фоизи йўллардаги носозликлар устидан шикоят қилмоқда.

Фойдаланувчилар орасида жуда фаол фуқаролар бор. Масалан, бир фойдаланувчи 70 дан ортиқ сўров юборган.


Қандай ва қаердан юклаб олиш мумкин?

Хизматдан компьютер ёки смартфон ёрдамида сайт орқали фойдаланишингиз мумкин. Шунингдек, Android ва iOS учун мобил илова ҳам мавжуд.

Бизнинг хизмат шаҳар идоралари учун эмас — одамлар учун. Сиз «Халқ назорати» хизмати орқали муаммо ҳақида хабар берганингизда, Тошкентни ободроқ қиласиз.