Қашқадарё вилоят прокуратураси ўтказган ўрганишлар давомида Қарши шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мансабдорлари ноқонуний тарзда ер участкаларини фуқароларга ажратиб бергани аниқланди.

Аниқланишича, Қарши шаҳар ҳокими амалдаги қонунларга зид равишда аукционсиз 318 та ҳолатда бозор баҳоси 156 млрд 422 млн сўмлик 105 гектар ерни бериб юбориш бўйича қарор чиқариб берган.

Шундан бўш турган 90,1 млрд сўмлик 58 гектар ер майдонлари прокуратура протести орқали шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтарилган. 1,2 гектари эса Е-ijro auksion платформаси орқали аукционларга чиқарилган.

Шунингдек, қурилиш ишлари амалга оширилган 56,4 млрд сўмлик 27 гектар ер майдонини қайтариш бўйича судларга 133 та даъво аризаси киритилган.

Ҳолатлар юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги, Кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси ва Қурилиш бўлимининг 7 нафар ходимларига нисбатан айблов эълон қилиниб, жиноят иши судга юборилган.

Аввалроқ, «Газета.uz» Қарши шаҳар ҳокими ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни ўзи бекор қилиши ҳақида ёзганди.