Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қарорларни рўйхатдан ўтказиш электрон тизимида 131 мингдан зиёд қарор ва фармойишлар ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, тизимда 28 март ҳолатига 76 минга яқин ҳоким қарорлари рўйхатдан ўтказилган. Тизимдаги энг кўп қарорлар Қашқадарё вилоятида қабул қилинган.

Жумладан, тизимда Муборак тумани ҳокимининг 1098 та, Нишон тумани ҳокимининг 1046 та ва Қашқадарё вилояти ҳокимининг 944 та қарори мавжуд. Кейинги ўринларни Қарши, Самарқанд шаҳри ва Китоб тумани (Қашқадарё) ҳокимликлари эгаллаган. Тизимдаги маълумотларга кўра, энг кам ҳоким қарори Навоий вилоятининг Гўзғон шаҳрида қабул қилинган — 86 та.

«Газета.uz» маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинган қарорлар билан боғлиқ баъзи қизиқ ҳолатларни ўрганиб чиқди.

2021 йилнинг 28 мартидан 2022 йил 28 мартигача, бир йил давомида Ўзбекистонда мавжуд 221 та вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари (Қорақолпоғистон вазирлар кенгаши) кунига ўртача 177 та қарор қабул қилган. Яъни Ўзбекистонда деярли барча маҳаллий давлат ҳокимият органлари кунига ўртача биттадан қарор қабул қилади.

Электрон тизимда эълон қилинган маълумотларга кўра, 11 ой давомида Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев кунига ўртача 3 та қарор қабул қилган. Энг қизиқ жиҳати, у ушбу давр мобайнида ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни бекор қилган.

Қайд этиш жоизки, айрим ҳолатларда битта қарорга ўзгартириш киритиш бўйича кетма-кет 3−4, баъзида эса 10 та бошқа қарорлар қабул қилинган бўлиши мумкин. Ҳокимлар асосан ер олди-бердиси билан боғлиқ қарорларни бекор қилган. Яъни маълум ер майдонини туман/шаҳар захирасига қайтариш, ёки захирага қайтариш ҳақидаги қарорни бекор қилиб, ерни аввалги эгасига топшириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилинган.

Энг кўп ҳоким қарори бекор қилинган Қарши ва Урганч шаҳарларида асосан ерни ҳокимият захирасига қайтариш билан боғлиқ қарорлар қабул қилинган. Қарши шаҳрида бундай қарорларнинг деярли барчаси прокуратура протестидан сўнг юзага келган.

2020 йилда Урганч шаҳар ҳокими этиб тайинланган Ойбек Холбоев бир ҳафтада (2021 йилнинг 24 июлидан 31 июлгача) 78 та қарорни бекор қилган. Ушбу қарорларнинг деярли барчаси ундан аввалги хоким Шуҳрат Абдуллаевга тегишли бўлган.

Яна бир қизиқарли жиҳат, Денов туман ҳокими ўзининг бошқа ҳамкасбларидан фақрли равишда барча бекор қилинган қарорлар ижросини ўз бўйнига олган.

Шунингдек қарорлар орасида келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган қарорни бекор қилиниши ҳолати ҳам мавжуд. Урганч шаҳар ҳокими 2021 йил 28 июль куни 2021 йил 14 августда қабул қилинган «Ёшлар меҳнат гузари» биносини қуриш учун 1600,0 кв.м ер майдонини ажратиб бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган.


Қарорнинг кейинги бандларида бекор қилинаётган ҳоким қарори 2021 йил 13 апрелда қабул қилингани ёзилган. Фақатгина 3-бандда бу қарор 2019 йил 14 августда қабул қилингани айтилиб, кейинги бандларда яна бир бор айнан шу қарор 2021 йил 13 апрель ва 14 августда қабул қилингани кетма-кет қайд этилган.

Тадбиркор учун уч ҳокимдан уч қарор

Яна бир қизиқ қарорлардан бири — Урганч шаҳар ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрдаги 2740қ-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисидаги 2020 йил 18 июндаги 855қ-сонли қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор. Қарор мазмунига кўра, 2018 йилда шаҳар ҳокими Одилбек Сапаев қарори билан «Suxrob Dizayn Quruvchi» МЧЖга кўп қавватли турар жой биносини қуриш учун 1100 кв.м. ер майдони ажратилган. Аммо 2018 йил декабрда ҳоким этиб тайинланган Шуҳрат Абдуллаев 2020 йилда ушбу қарорни бекор қилиб, ерни шаҳар заҳирасига қайтариш ҳақида қарор қабул қилган. 2020 йил декабрда ҳоким этиб тайинланган Ойбек Холбоев эса суд қарорига асосан Шуҳрат Абдуллаев қарорини бекор қилиб, ерни тадбиркорга яна қайтариб берган.

«Пулни ол, энди қайтариб бер»

2021 йил 16 ва 29 июль кунлари Қуйи Чирчиқ туман ҳокими «Ёшлар дафтари» жамғармаси учун 183,9 миллион, Маҳалла фуқаролар йиғинини маъмурий бино билан таъминлаш мақсадида, фуқарога тегишли нотурар жой объектини сотиб олиш учун 73 миллион ва тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер ва принтер техникаларини ва стол-стуллар харид қилиш учун 24 миллион сўмни тегишли ҳисоб варақаларига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган. Аммо орадан 1−3 ҳафта ўтиб ушбу пулларнинг ҳаммаси ҳокимият балансига қайтариб олинган.

11 ой давомида ҳокимлар 406 та меҳнат шартномасини бекор қилиш ва 44 та интизомий чора қўллаш ҳақида қарор қабул қилган. Энг кўп меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳокимият Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти (21 та) ҳисобланади. Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими эса энг кўп — 5 та интизомий чора қўллаган.