12 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда давлат раҳбари экспортнинг асосий қисми (84 фоизи) Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларига тўғри келаётганига эътибор қаратиб, қолган вилоятларда ушбу кўрсаткичлар қониқарсиз аҳволдалиги танқид қилди.

Шу боис, мутасаддиларга йил якунигача фармацевтика маҳсулотлари экспортини 105 млн долларга етказиш вазифаси қўйилди. Вилоят ҳокимлари лойиҳаларни амалга оширишдаги ташкилий масалаларни ҳал қилишга шахсан масъул эканликлари таъкидланди.

1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузилади. Ҳозирги кунда ушбу дорилар 300 млн долларга четдан олиб келинмоқда.

Бунда, ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 25 турдаги дорилар 1 июлдан харид қилинади. Келгуси йилдан эса 70 турдаги дориларни ишлаб чиқариш ва сотиб олиш йўлга қўйилади. Бунда асосий эътибор онкология, гематология, эндокрин ва вирусли касалликларни даволашга қаратилади.

Жорий йилда кафолатли харидларга 300 млрд сўм йўналтирилади.

Йиғилишда маҳаллий фармацевтика корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар белгиланди. Жумладан:

  • қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган хом ашёлар рўйхати Инвестициялар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Фармацевтика агентлиги томонидан тасдиқланади. Ҳозирги кунда ушбу рўйхат 5 та вазирлик томонидан тасдиқланади ва 5 йилдан буён янгиланмаган;
  • маҳаллий корхоналарнинг GMP сертификатини олиш билан боғлиқ харажатлари Фармацевтика агентлиги томонидан қоплаб берилади;
  • корхоналарни модернизация қилишни молиялаштириш Тўғридан-тўғридан инвестициялар жамғармаси иштирокида амалга оширилади.

Йиғилишда йил якунига қадар 80 та туманни доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштириб, 7,5 минг гектарда плантациялар ташкил этиш (ҳозирда 600 гектар) вазифаси қўйилди.

Экспортбоп доривор ўсимликларни етиштиришни кенгайтириш мақсадида бу соҳага кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Ўзбекистонда ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун зарур дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжудлиги, қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилмаганлиги, амалиётда 15 фоизлик нарх преференцияси ишламаслиги таъкидланганди.

Президентнинг 2021 йил 21 декабрдаги қарори билан Оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкали кредитлар тақдим этила бошлаганди.