Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:

а) лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари тижорат банкларига йиллик 10 фоиз ставкада жойлаштирилади;

б) имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:

  • оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига — 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
  • боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
  • «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, «уста-шогирд» мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун — 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.

Кредитлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ажратилади.

Чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади.

«Етакчи» тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.

Қарорда «Агробанк» АТБ, АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБга 2022 йил 1 мартдан дастурлар бўйича кредитларнинг тўлиқ рақамлашган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилишини таъминлаш топширилди. Бунда:

  • кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа (СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) орқали маълумот бериб борилади;
  • кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади;
  • кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади;
  • Ягона электрон платформа орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади;
  • ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш Ягона электрон платформада яратилган «маркетплейс» тизими ёрдамида амалга оширилади.

Шу билан бирга, ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш бўйича таклифлар асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилотлар томонидан «маркетплейс» тизимида эркин жойлаштирилади.

Таъминотчилар томонидан кўрсатилган хизматлар фойдаланувчилар томонидан баҳоланади ва уларнинг рейтинги автоматик равишда шакллантирилади. Таъминотчиларнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариши юзасидан мониторинг туман (шаҳар) оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари томонидан амалга оширилади. Мониторинг натижаларига кўра, таъминотчиларнинг «маркетплейс» тизимидаги ўз хизматларини таклиф этиш имконияти даврий равишда ўрганиб чиқилади.

Кредитлар қарз олувчига у томонидан мустақил танланган таъминотчи билан тузилган шартнома асосида келишилган нархда маҳсулот етказиб берилганидан (иш бажарилганидан) ва қарз олувчи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, қарз олувчини идентификациялаш орқали таъминотчига ўтказиб берилади.

Ҳоким ёрдамчилари ўзига бириктирилган маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради ҳамда кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича сектор раҳбарлари ва тижорат банклари билан биргаликда тегишли чораларни кўради.

Ҳужжатда белгиланганидек:

  • дастурлар доирасида кредитлар устувор равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга ўзини ўзи даромадли меҳнат билан банд қилиш ёки уларнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминлашга (иш ўринлари яратишга) қаратилган лойиҳаларга ажратилади;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга кредит ажратилиши уларни ушбу рўйхатдан чиқариш учун асос ҳисобланмайди ва фуқаролар мазкур дафтарлардан ҳоким ёрдамчиси, туман давлат солиқ инспекцияси ва тегишли сектор раҳбарлари томонидан фуқаронинг унга ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали бериладиган тавсия асосида чиқарилади;
  • дастурлар доирасида илгари ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлиги тўлиқ сўндирилмаган, шунингдек, аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланган қарз олувчиларга ушбу дастурлар орқали янги кредит ажратилишига рухсат этилмайди.

Ваколатли банкларга дастур координаторларининг тақсимотига мувофиқ 3,65 трлн сўм миқдордаги кредит ресурслари 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилади.

Мазкур қарорга асосан ҳар бир ҳудудда чорвачилик учун ажратиладиган кредитларга мутаносиб равишда чорва моллари учун озуқабоп экинлар экишга мўлжалланган ер майдонларининг, шунингдек, уларни ўтлатишга мўлжалланган яйловлар мунтазам равишда очиқ электрон танловга чиқариб борилади.