7 апрель куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилди. Украина ва БМТга аъзо 50 дан ортиқ давлатлар таклиф этган резолюцияни 93 давлат қўллаб-қувватлади. Резолюцияга қарши овоз берганлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Беларусь ва бошқалар бор эди.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов Бош Ассамблеянинг ушбу йиғилишида Ўзбекистон делегацияси нима учун резолюцияга қарши овоз берганлигига тўхталди.

«Ўзбекистон Украинадаги амалдаги вазият юзасидан вазмин, нейтрал позицияда бўлиб, томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари асосида вазиятни фақат сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини топишларига умид билдиради», — деди мамлакат вакили.

«Шу билан бирга, Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолик ҳуқуқини тўхтатиб туриш бўйича резолюцияга қарши овоз берди. Бош Ассамблеянинг 60/251-сонли резолюцияси 8-бандига мувофиқ, Бош Ассамблеянинг йиғилишда қатнашаётган аъзоларнинг учдан икки қисмининг кўпчилик овози билан ўсиб бораётган ва тизимли инсон ҳуқуқлари бузилишини амалга ошираётган Кенгаш аъзосининг Кенгашдаги аъзолик ҳуқуқини тўхтатиш қарори гумон қилинаётган қоидабузарликнинг пухта тергови натижасига асосланган бўлиши кераклигига ишончимиз мустаҳкам», — дея таъкидлади Бахтиёр Ибрагимов.

Қозоғистон вакили Ерлан Алимбаев унинг мамлакати ушбу резолюцияга қарши овоз беришини маълум қилди.

«Биринчи навбатда, бизнинг фикримизча, ушбу резолюциянинг қабул қилиниши можаронинг ҳал қилинишига ҳисса қўшмайди. Ҳозирги пайтда юзага келган вазиятда музокаралар жараёнига путур етказмаслик жуда муҳим. Барчамиз муаммони тез ҳал қилиш ечимларини топиш учун барча халқаро форумлардаги, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги, дипломатик воситалардан фойдаланишимиз лозим», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «инсон ҳуқуқларининг қўпол ва тизимли равишда бузилганлигини» тасдиқлаш учун шаффоф, холис ва профессионал терговнинг натижалари керак.

«Шу сабабдан Бош Ассамблеяда бугунги резолюциянинг кўриб чиқилишидан олдин тегишли халқаро механизмлар доирасида Украинада инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳар томонлама тергов қилиниши керак. Бош Ассамблея бугунги ушбу масалани фақатгина аниқ хулосалар ва ишончли маълумот олганидан кейингина кўриб чиқиши мумкин деб ҳисоблаймиз. Юқорида таъкидланганларни ҳисобга олган ҳолда, бугун биз ушбу резолюция лойиҳасига қарши овоз беришимизга тўғри келади», — дея таъкидлади Ерлан Алимбаев.

Қирғизистоннинг БМТдаги вакили Аида Касималиева Россиянинг кенгашдаги аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича қарорни «сиёсий» қарор деб атади. У ҳам мустақил тергов ўтказиш кераклиги ва иккала томонинг натижалари ва таҳлилларини ўрганиш кераклигини қайд этди.

Болтиқбўйи давлатлари номидан гапирган Литванинг БМТдаги доимий вакили Ритис Паулаускас халқаро ҳамжамият «Россиянинг Украинадаги агрессияси ҳамда халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хартиясини тизимли равишда бузишига жавобан қатъий ҳаракатлар қилиниши бўйича сўзига содиқ турганлиги»ни таъкидлади.

«Ушбу резолюциянинг шарофати билан биз ушбу ташкилотда агрессорга жой йўқлигини кўрсатиб, Инсон ҳуқуқлари кенгашининг юзини сақлаб қолдик. Биз сўнгги кунларда Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларидаги қотилликлар, тинч аҳолининг оммавий ўлими тасвирларини кўриб, ҳайратга тушдик», — деди дипломат.

CNN БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашидаги манбаларига таяниб ёзишича, овоз бериш жараёнидан олдин Россия БМТ аъзо давлатлари ушбу резолюцияга овоз берса, бунинг «оқибатлари» бўлиши ҳақида огоҳлантириб, нота жўнатган.

«Нотада „фақатгина ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш эмас, балки овоз беришда ундан масофаланган позицияда бўлиш (бетараф қолиш ёки овоз беришда қатнашмаслик) ҳам нодўстона ҳаракат сифатида кўрилади“ дейилади», — дея таъкидлайди CNN.

Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украинадаги вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори эканини, лекин бунинг учун биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарурлигини таъкидлаган эди. «Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деган эди у.

Маълумот учун, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири Бош Ассамблея аъзоларининг кўпчилик овози билан тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан адолатли географик тақсимот тамойили асосида сайланади.

Ўзбекистон 2020 йил октябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига илк бор уч йиллик муддатга (2021−2023) сайланган эди.

Овоз беришдан олдин сўзга чиққан Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица «инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузадиган давлатнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш танлов эмас, балки мажбурият» эканини айтди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузмин эса кўриб чиқилган резолюция лойиҳаси, аслида, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.