17 март куни Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг 2022 йилда кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш, пахта ҳосилдорлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев олиб борди.

Йиғилишнинг ХДФУ форматидаги ёпиқ баённомасига (хизмат доирасида фойдаланиш учун, «Газета.uz»да мавжуд) мувофиқ, ер участкалари тасдиқланган, ажратилган ва фермер хўжаликлари фьючерс шартномаларини тузишлари шарт бўлган кластерларга бириктирилган.

Жумладан, Норин туманидаги 140 га яқин фермерга тегишли 6038 гектар ер янги Iftihor Kiyim Sanoat кластерига бириктирилган бўлса-да, худди шу ҳудудда бошқа бир — Uztex Uchkurgan кластери ҳам фаолият юритмоқда.

Фото: Uztex Uchkurgan.

Uztex Uchkurgan вакили Муллажон Мансуров «Газета.uz» билан суҳбатда корхона иккита вилоятнинг тўртта туманида — Хоразм вилоятининг Шовот ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи, Норин ва Учқўрғон туманларида фаолият кўрсатаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг (744-сон) қарори асосида Uztex Uchkurgan Норин туманидаги фермер хўжаликлари билан пахта хомашёси етиштириш ва уни UzTex`га чуқур қайта ишлашга етказиб бериш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди.

Муллажон Мансуровнинг айтишича, фермерлар билан ҳар йили экиш мавсуми олдидан тузиладиган фьючерс шартномалари (контрактация шартномалари) асосида иш олиб борилмоқда.

«Бироқ, шу билан бирга, ер уларда бўлиши керак, биз эса стратегик муносабатларни ўрнатишимиз, улардан бизга ҳар доим стандарт ва юқори сифатли маҳсулотларни етказиб берадиган ҳамкорлар тайёрлашимиз керак. Шу билан бирга, йиллик фойда ёки даромад ёки рентабеллик доимо ошиб бориши керак», деди у.

Бунинг учун корхона барча ҳимоя воситалари, минерал ўғитлар, техника воситаларини ўз вақтида таъминлашга ҳаракат қилди.

«Ҳар йили ҳосилдорликни ошириш учун буларнинг барчасини ўз вақтида таъминлаш керак эди. 2021 йил охирида 23 центнердан 35 центнерга етдик. Рентабелликка назар ташланса, 2018 йилда рентабеллик 1 гектарга бўлинганда 2 миллион сўм атрофида бўлган бўлса, бу йил 1 гектардан ўртача рентабеллик ҳар бир фермерга 8,5 миллион сўмдан тўғри келмоқда», — деди у.

Uztex Uchkurgan фьючерс шартномаларида давлат томонидан тасдиқланган минимал тарифлардан паст бўлмаган нархларни кўрсатади. 2021 йилда нарх 1 кг учун 7100 сўмни ташкил этди, бироқ у пахта навига қараб арзонлашиши мумкин.

Фото: Uztex Uchkurgan.

Муллажон Мансуровнинг тушунтиришича, компания минимал нархни белгилаб беради, шу билан бирга, фермерларни сифатли маҳсулот етказиб беришга, ҳосилидан кўпроқ даромад олишга ундайди.

«Ўтган вақтларда биринчи нав 70 фоиз атрофида бўлган бўлса, ҳозир у 90 фоиздан ошиб кетди. Нархга қўшиш мумкин, лекин нав пасаяди. Агарда сиз фермерларга ўз маҳсулотларини тўғри тайёрлаш ва тўғри йиғиш, тозалаш ва топшириш имкониятини берсангиз, унда 90 фоиздан ортиғи биринчи навга тўғри келади. Битта ҳолатда 7100 сўм эмас, 7500 сўм берилиши мумкин, шу билан бирга, фермерга биринчи навнинг 70 фоизи, иккинчи нав эса — бу нархдан минус 9 фоиз берилди», — деди у.

Uztex Uchkurgan вакилининг таъкидлашича, бу ҳозирда фермерлар ва кластер олдида турган барча имкониятлар уфқи эмас.

«Биз чуқур қайта ишлашни жорий этмоқдамиз. Табиийки, яқин 3−4 йилда ҳосилдорликни яна камида 10−12 фоизга оширишни хоҳлаймиз. Бироқ бу, албатта, томчилатиб суғориш, янада янги юқори технологияларни сотиб олиш дегани», — дея маълум қилди у.

Фото: Uztex Uchkurgan.

Муллажон Мансуровнинг айтишича, қарийб 2 ҳафта олдин корхона Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, президентнинг 2021 йил 16 ноябрдаги фармони (ПФ-14) билан назарда тутилганидек, 30 йил муддатга тўрт томонлама шартнома имзолаш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига борган.

«Бу босқичда бизда Норин туманида йўқлигимизни айтишди. Лекин бу йилги маблағнинг қарийб 35−40 фоизини тумандаги фермерлар билан тузилган фьючерс шартномалар асосида молиялаштириб бўлдик, экиш кампанияси ҳам давом этмоқда. Бош вазир ўринбосарининг баённомаси чиққан, аммо ҳозирча Вазирлар Маҳкамасининг қарори йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг қарорисиз кластернинг ташкил этилиши мумкин эмас, бизнинг фикримизча, бу юридик жиҳатдан нотўғри бўлади», — деб ҳисоблайди у.

Президент қарорига тўхталар экан, у пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этишда ишлаб чиқарилган ёки сотиб олинган пахта хомашёсининг камида 50 фоизини ўзи қайта ишлаш қувватига (камида ип-калава) эга бўлган ариза берувчи бошқаларга нисбатан афзал кўрилишини эслатди. Унинг сўзларига кўра, янги ташкил этилган Iftihor Kiyim Sanoat кластерида ҳозирча ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд эмас, улар эндигина барпо этилмоқда.

«Шунга кўра, фермерлар ҳам, биз ҳам қандайдир аҳмоқликдамиз. Муқобил вариант бор, рақобат ривожланади, деган фикрга қарши эмасмиз. Ўзимиз ҳам шундай майдонни хоҳлаймиз, лекин шундай… Шу билан бирга, кеча [Норин тумани] ҳокими фермерларни йиғиб, янги кластерни тақдимот қилди, у фермерлар билан янги шартномалар тузади, деб эълон қилди», — дейди у.

Муллажон Мансуров таъкидлаганидек, кластерларнинг уч тури мавжуд:

  • ҳудуддаги ерларни ижарага берувчи кластерлар;
  • ерларни ижарага берувчи ва қўшимча равишда фермерлар билан фьючерс шартномаларини тузувчи кластерлар;
  • ерга эга бўлмаган, фақат фермерлар билан фьючерс шартномалар тузадиган (Uztex Uchkurgan ушбу турга киради) кластерлар.

Ҳоким Шавкат Абдураззоқов Iftihor Kiyim Sanoat корхонасида покистонлик инвесторлар билан, 2021 йил февраль. Фото: Наманган ҳақиқати.

Унинг сўзларига кўра, корхона Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқовга мурожаат қилган, бироқ салбий жавоб олган.

«Биз ҳатто шу йил охиригача якунлаш имкониятини беришни сўрадик ва биз ўзимиз кетамиз. Лекин у қаршилик қилди. Ҳоким янги лойиҳаларга муҳтожлигини айтади. Бизнинг раҳбариятимиз шундай дейди: „Биз ҳам жуда кўп лойиҳаларни амалга оширяпмиз-ку. 4000 дан ортиқ ишчилар бор. Бу тўхтайди ахир“. Унинг айтишича, унга ҳам ҳар қандай ҳолатда янги лойиҳалар керак. Мана бу мантиқ, менимча, бироз нотўғри. Эскиларини тўхтатиш ҳисобига янги иш ўринларини яратасизми? Бу қандайдир мантиқсиз», — деди у.

«Газета.uz» икки марта Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилди, бироқ жавоб ололмади.

Фермерлар: «Uztex билан яхши ишлаб кетдик»

74 гектар ерга эга «Эралиева Кимсаной» фермер хўжалиги раҳбари ва таъсисчиси Лайло Холмирзаеванинг айтишича, 2 апрель куни Норин тумани ҳокими, янги кластер ва вилоят ҳокимлиги вакиллари билан учрашувда фермерлардан Iftihor Kiyim Sanoat кластери билан шартномалар тузиш таклиф қилинган.

У президентнинг 2021 йил 16 ноябрдаги фармонига таяниб, фермерлар пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ҳудудларда исталган кластер билан ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.

«Ўша фармонда аниқ ва тиниқ белгилаб қўйилганки, вилоятда кластерлар кўпаяди — камида 3 та кластер — фермерлар танлаш ҳуқуқига эга бўладилар, яъни исталган кластер билан шартнома тузиб, пахтасини унга сотиши мумкин. Биз жуда хурсанд бўлгандик», — деди у.

Uztex Uchkurgan ишчилари.

Лайло Холмирзаева Uztex Uchkurgan ерни тортиб олиш мумкин деган қўрқув сабабли аввалига тушунмовчиликлар бўлганини тан олди.

«Йўқ, улар ерга даъво қилишмайди. Улар учун пахта етиштирамиз. Улар билан тўртинчи йил ишлаяпмиз. 2022 йил учун пахта етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганмиз. Масалан, шартнома асосида ғўза чигитини экиб бўлдим, улардан ўғит олдим, — дейди у.

Фермер ўз мажбуриятларини бажараётган мавжуд кластер билан шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳозирча асос кўрмаётганини таъкидлади. Ва амалдаги шартномани бекор қилмасдан, бошқа кластер билан шартнома тузиш мумкин эмас.

«Биз Uztex билан яхши ишлаб кетдик. Асосийси — пахтамизнинг пулини ўз вақтида тўлашмоқда. Масалан, 2021 йилги пахта учун ноябрь ойида пул тўлашди. Деҳқон бўлиб ишлаган 20 йил давомида ҳеч қачон ноябрь ойида пул тўланмаган. Илгари тўловлар баҳоргача кечиктириларди. Ўшанда буғдой ўришни бошлашарди, биз эса пахта пулини олишга югурардик», — дейди Лайло Холмирзаева.

Uztex Uchkurgan кластери билан учрашувда фермерлар кластерни қўллаб-қувватлаб, бундан кейин ҳам ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Фермер хўжалиги раҳбари, шунингдек, Iftihor Kiyim Sanoat фермерларга ҳалигача бирор таклиф билан чиқмагани ва лойиҳа тақдимотини қилмагани, Uztex эса бунга қадар буни амалга оширганини ҳам айтди.

«Биз уларни танимаймиз, илгари кўрмаганмиз. Uztex келганида ўз корхонасини, тўлиқ ишлаб чиқариш циклини кўрсатганди, шундан сўнг биз улар билан шартнома имзолагандик», — деди у.

2021 йилда фермер 300 млн сўм даромад олди. Унинг сўзларига кўра, «Ўзпахтасаноат» тизимида бундай даромадлар бўлмаган.

171 гектар ерга эга фермер Зоҳиджон Одилов янги ташкил этилган Iftihor Kiyim Sanoat кластери ҳақида ҳозирча ҳеч нарсани билмаслигини айтди.

«Янги кластернинг ишлаб чиқариш заводини ҳали кўрмадим, у нимага қодирлигини билмайман. Uztex эндигина ташкил этилаётганда фермерларни автобусда заводга олиб келишган, корхона имкониятларига ишонч ҳосил қилганимиздан кейин шартнома имзолаган эдик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг биринчи йилида Uztex кластери пахта пулининг 80 фоизини декабрь ойида, қолганини январь ойида тўлаган. 2021 йилда компания фермерларга ноябрь ойида пул тўлаган.

«Минерал ўғитлар ўз вақтида берилмоқда, тўловлар ўз вақтида ўтказилмоқда. Масалан, мен тўй учун келгусида сотиладиган пахтадан 50 млн сўм аванс сўрадим. Мурожаат қилдим, пул беришди. Ускуна сотиб олиш учун аванс бериш учун ариза ёздим — унда ҳам беришди. Менга қанақа кластер керак, агар шундай бўлмаса?! Мен улар билан шартнома тузаман. Бўлди, тамом», — деди у.

Фермер пахта учун белгиланган энг кам нарх — 1 кг учун 7100 сўм эканидан мамнунлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда 10 минг сўмга яқин нарх кутилмоқда. «Ўтган йилни 900 млн сўм фойда билан якунладим», — дейди у.

Фермер хўжалиги раҳбари туманни Uztex Uchkurgan кластеридан олмоқчи бўлиш сабабларига аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, вилоят ҳокими билан ўтказилган йиғилишда кластер пахта йиғим-терими режасини бажармаганини айтишган.

«Лекин фермер ўзи ишламоқчи бўлган кластер билан шартнома тузади-ку. Қолаверса, пахта терими режасини кластер эмас, фермер бажармаган. Аслида президентимиз давлат режасини бекор қилган, аммо бу ҳали ҳам давом этмоқда. Масалан, 1 гектардан 10 центнердан ҳосил олган бўлсак, ўзимиз 30−50 центнердан ҳосил олишга интиламиз, чунки бу бизнинг даромадимиз. Биз кўпроқ даромад олишга интиламиз», — деди у.

76 гектар ерга эга фермер Шавкат Раҳмонов 2019 йилда Uztex Uchkurgan компанияси билан фьючерс шартномасини имзолаган эди.

«Уч йил давомида бу кластер билан ҳеч қандай муаммо бўлмади. Мен 20 йилдан бери деҳқон бўлиб ишлайман, лекин ҳеч қачон бундай таъминот бўлмаган. Ўғит етарли, тўлов амалга оширилмоқда, техника бор. Агар ўз маблағимиз ҳисобидан ускуна сотиб олмоқчи бўлсак, кластер харажатларнинг 30−40 фоизини қоплашга ёрдам беради. Уларнинг ёрдами билан техник базани мустаҳкамладик», — деди у.

Фермер 2021 йилни 800 млн сўм фойда билан якунлади.

«Биз бу ерларни сўрамаганмиз»

Iftihor Kiyim Sanoat директори, бир вақтнинг ўзида сенатор ҳам бўлган Анна Добрихнинг маълум қилишича, компания ер сўраб мурожаат қилган, лекин ушбу туманни сўрамаган.

«Биз ариза топширдик, бу ҳукумат қарори. Бу ҳам туманни сўраганимиз йўқ. Ҳозир Uztex ўз сиёсатини олиб бораётганини мен ҳам тўлиқ тушунаман. Биз бошқа ерлар сўрадик, умуман олганда, ўзлаштириш учун ер сўрадик», — деди у.

Таҳририят Telegram орқали юборган бошқа саволларга сенатор жавоб бермади.

«Газета.uz» Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан ҳам вазиятга изоҳ беришни сўради, бироқ ҳозирча жавоб олгани йўқ.