Навоий кон-металлургия комбинати 7 апрель куни Мурунтов олтин кони таркибида Томди туманидаги «Балпантоғ» ва «Томдибулоқ» олтин руда конлари топилгани ҳақида маълум қилди. Бу ерда биринчи портлатиш ишлари олиб борилиб, юк кўтариш ишлари бошланди.

Янги конлардан олтин сақловчи рудалар НКМКнинг 2-гидрометаллургия заводига 33 км узунликдаги темир йўл орқали етказилади. Ҳисоб-китобларга кўра, конлардаги руда заҳиралари 40 миллион тоннадан ортиқни ташкил қилади. Лойиҳа доирасида 653 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Деярли 15 йил давомида конларда ҳар йили 3 миллион тоннадан ортиқ олтин сақловчи маъдан қазиб олиниши кутилмоқда. Бу ишлар учун 7 та гидроэкскаватор, 5 та бурғулаш ускунаси, 23 та самосвал, 2 та тепловоз ва бошқа тоғ-кон техникаси харид қилиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар юк кўтариш қуввати 90 тонна бўлган 1 та гидроэкскаватор ва 10 та самосвал келтирилди.

Мурунтов олтин кони 2020 йилда дунёдаги энг йирик олтин конлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. 2020 йилда конда 56,7 тоннага яқин олтин қазиб олинди.

Олтин Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотидир. 2020 йилда республика ушбу қимматбаҳо метални 5,8 миллиард долларга (умумий экспортнинг 38,3 фоизи), 2019 йилда 4,9 миллиард долларга (28,2 фоиз) экспорт қилган. 2021 йилда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, жумладан, мис ва пўлат экспорт бўйича биринчи ўринни эгаллаб, олтиндан ўзиб кетди (26,1% га нисбатан 24,7%), лекин икки ой ичида олтин яна 2,36 млрд доллар (57%) экспорт ҳажми билан етакчилик қилди.