8 апрель куни Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Таъкидланишича, давлат раҳбарлари муқаддас Рамазон ойи бошлангани билан бир-бирини самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суришга, шу жумладан Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини бошлаш, Қамбарота 1-гидроэлектр станцияси ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқдилар. Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда. Бироқ бўлажак учрашувлар айнан қай тартибда ўтказилиши аниқ келтирилмаган.

Қирғиз республикаси президенти веб-сайтида эса Ўзбекистон президенти жавоб ташрифи билан Қирғизистонда бўлиши қайд этилган. «Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга режалаштирилган жавоб ташрифи, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганига ишонч билдирди», — дейилади хабарда.

Садир Жапаров Ўзбекистон президентининг 2022 йил 26−27 май кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши ва Евроосиё иқтисодий форумида шахсан иштирок этишини кутаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, мулоқот давомида Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни «Центерра» компанияси билан Қумтор олтин кони мақоми бўйича музокаралар якунлангани ва тегишли битим имзолангани билан табриклади.

Садир Жапаров эса Боткен вилоятида иккита умумтаълим мактаби қурилиши, қолаверса, Бобур номидаги Ўш академик ўзбек мусиқали драма театри реконструкцияси учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 13 сентябрида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган Бобур номидаги Ўш академик ўзбек мусиқали драма театрининг тўлиқ реконструкцияси бошланганди. Ўшанда мажмуадаги қиймати 5 млн долларлик бўлган ишларни Ўзбекистон молиялаштириши таъкидланганди.

Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи

2021 йилнинг март ойи бошларида Қирғизистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тошкентга келганди. Музокаралар давомида Ўзбекистон етакчиси «халқларимиз бугунданоқ музокаралар натижаларини ҳис қилишлари керак», дея қайд этганди.

Қолаверса, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари сувдан фойдаланиш ва энергетика, чегараларни делимитация қилиш, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика масалаларини муҳокама қилганди. Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўл лойиҳасини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаганди, Садир Жапаров Сирдарё ҳавзаси ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани янгилашни таклиф қилганди.

Расмий учрашувларнинг эртасига икки давлат раҳбарлари Тошкент шаҳридаги технопаркка ҳам борганди. Ўзбекистон халқи номидан Қирғизистон халқига юртимизда ишлаб чиқарилаётган тез тиббий ёрдам машиналари совға қилинганди. Ўшанда Садир Жапаров «Ўзбекистон биздан 40−50 йил илгарилаб кетибди», дея таъкидлаганди.

Ташриф давомида Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга таклиф қилганди.

Уларнинг кейинги учрашуви 2021 йилнинг 12 ноябрида Истанбулда бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитига тўғри келди. Қирғиз президенти матбуот хизмати ёзишича, Ўзбекистон етакчиси «икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 1 млрд долларга ошириш учун реал имконият мавжуд», дея таъкидлаган. Садир Жапаров ҳамкасбини яна бир бор Қирғизистонга таклиф қилди.