Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Биз ўзбек-қирғиз муносабатларини очиқ, конструктив ва ўзаро ишонч билан муҳокама қилдик, — деди Ўзбекистон президенти. — Қардош халқларимизни дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб турибди. Биз Қирғизистон билан жуда жиддий ва кенг кўламли ҳамкорлик қилишга бел боғлаганмиз».

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаб бориш, аввал қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш йўлида қатъий эканини тасдиқлади, деб ёзади давлат раҳбари матбуот хизмати. Барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

«Халқларимиз бугунданоқ бугунги музокаралар ва ташриф натижаларини ҳис қилишлари лозим. Биз ҳар ой бош вазир ўринбосарларининг келишувларимиз бўйича ким нима қилгани ва нима қилмагани бўйича ҳисобот беришига келишиб олдик… Халқларимиз биз музокаралардан ишга ўтганимизни ҳис қилишлари керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент икки мамлакат ҳукуматлари олдига қўйиладиган асосий устувор масалалар ва мақсадли вазифаларни санаб ўтди. Биринчи навбатда, бу сайдо айланмаси ҳажмини икки бараварга ошириш (ҳозирги 900 млн доллардан) ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг йирик корхоналари ўртасидаги кооперацияларни кучайтириш, бу йўлдаги тўсиқларни бартараф этишдан иборат. Жумладан, Қирғизистонда енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва маиший техникаларни йиғиш, шунингдек, чегарадош ҳудудларда тўқимачилик маҳсулотлари ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ташкил этишда саноат кооперацияларини жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, президентнинг сўзларига кўра, ҳар икки давлатнинг транзит салоҳиятини ошириш ва ундан самарали фойдаланиш зарур.

«Бугун транспорт вазирлари икки саволга жавоб беришлари керак: Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли лойиҳаси лойиҳасини қандай қилиб тезлаштириш ҳамда қандай қилиб Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештам-Қошғар автомобиль йўли орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва унинг йил давомида узлуксиз ишлашини таъминлаш мумкин? Икки давлат шаҳарлари ўртасида автобус, темир йўл ва ҳаво қатновларини қайта тиклаш юк, йўловчи ва сайёҳлар оқимини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев президентлар сувдан фойдаланиш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилганини маълум қилди. «Тажриба шуни кўрсатадики, бу ерда барчамиз учун манфаатли ечимларни топиш мумкин ва зарур. Асосийси, доимий мулоқот лозим. Биз ҳамкорликдаги ишлар онлайн тарзда ташкил қилинишига келишиб олдик».

Президент матбуот хизматининг хабарида Ўзбекистон Қирзизистондаги гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдиргани қайд этилди.

Музокараларда минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш, чегараолди ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш ва назорат пунктларида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу келишувларни амалга ошириш ташриф арафасида бир томондан Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари, бошқа томондан Ўш, Жалолобод, Боткен ва Норин вилоятлари ўртасида келишилган «йўл хариталари» доирасида амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев сўзини якунлар экан, ўзбек томонининг икки халқ фаровонлигига қаратилган жадал ҳамкорликдаги фаолиятга шай эканлигини таъкидлади.

Президент Садир Жапаров Қирғизистон учун Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни ривожлантириш мамлакат ташкил сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини маълум қилди.

«2017 йилда эришилган ўзбек-қирғиз давлат чегаралари делимитациясида чегараларнинг 85 фоизга яқини тавсифлаб чиқилганидаги ўсишни мамнуният билан қайд этишни хоҳлардим, — дея таъкидлади Қирғизистон президенти. — Музокаралар жараёнини давом эттириш ва эришилган суръатни пасайтирмаслик зарур деб ҳисоблайман. Икки давлатнинг давлат чегарасини ҳуқуқий рўйхатдан ўтказишнинг якунланиши дўстона муносабатларимизга янги туртки беради ва чегара ҳудудларидаги барқарорликни мустаҳкамлайди. Сизни ишонтириб айтмоқчиманки, Қирғизистон томони барча муаммоли масалалар бўйича конструктив ва самарали мулоқотга тайёр. Ишончим комилки, биргаликда чегара масалаларини ўзаро манфаатли ечимига эришамиз

Садир Жапаров 2017 йилдаги давлат чегараси тўғрисидаги битимга киритилган участкаларда муҳандислик ишларини олиб боришда зиддиятли вазиятларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эгалиги, бунинг учун чегара идоралари, маҳаллий ҳокимият органларининг ўзаро алоқаларини кучайтириш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ўтказишнинг муҳимлигини қайд этди.

Қирғизистон президенти сув ва энергетика масаласида ҳам сўзлади.

«Норин дарёси ҳавзасида кам сувли даврнинг бошланиши муносабати билан Тўхтоғул сув омборига сув ресурсларининг етарли даражада тўпланмай қолиш хавфи мавжуд. Сувни тўплаш учун ҳозирги босқичда Қирғизистон учун биринчи навбатда электр энергиясини импорт қилиш муҳим аҳамиятга эга. Умид қиламанки, бизнинг энергетикларимиз ўртасидаги келишувлар Тўхтоғул сув омборининг узлуксиз ишлашини ва вегетация мавсумида Ўзбекистонга сув берилишини таъминлайди», — деди Садир Жапаров.

У юқоридаги давлатлар вегетация даврида қуйида жойлашган давлатларнинг суғориш эҳтиёжлари учун сув ресурсларини тўплашга имкон ва рағбат бўлиши учун истиқболда минтақада сувдан фойдаланишнинг тежамкор механизмларини жорий қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Садир Жапаров 1998 йил 17 мартда Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган Тўхтоғул сув омбори ресурсларини тартибга солишнинг компенсацион механизмларини яратишни назарда тутувчи Сирдарё дарёси ҳавзасининг сув ва энергетик ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани янгилашни таклиф қилди. «Умид қиламанки, бу масалада бир-биримизни тушунамиз», — деди президент.

Қирғизистон раҳбари мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларгача ошириш мақсадида товар ва хизматларнинг икки мамлакат бозорларига кириши учун қулай шароит яратиш бўйича биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди. Президент, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши бўйича музокаралар жараёнини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Коронавирус тарқалиши муносабати билан 2020 йилда Қирғизистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашувини ўтказиш имкони бўлмади. «Шу муносабат билан қирғиз томони жорий йилда Қирғизистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммитини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ҳурматли Шавкат Миромонович, ушбу учрашувда сизнинг шахсан иштирок этишингизга умид қиламан», — деди Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти коронавирус пандемияси пайтида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Якунда, Содир Жапаров Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Қирғизистонга таклиф қилди.