1 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лейлек тумани Марғун қишлоғида Ўзбекистон томонидан ажратилган маблағ эвазига қурилган М. Баэтов номидаги мактаб фойдаланишга топширилди.

Янги мактабнинг очилиш тантаналарида Ўзбекистон халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев ҳам қатнашиб, ҳукуматлар раҳбарлари розилиги билан мактабнинг рамзий тасмасини қирқдилар.

Фото: Халқ таълим вазирлиги.

Мазкур мактабнинг очилиш маросимида онлайин видеоконфренция тартибида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров қатнашди.

Фото: Gov.kg.

Қирғизистон ҳукумати раиси мактабнинг очилиши икки халқ ўртасидаги буюк дўстлик рамзи эканини таъкидлади.

«Икки давлат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ривожи кўп йиллик тарихий қардошлик, дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари самарасидир. Боткен вилояти Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти билан чегарадош ва биз ўзаро манфаатли барча соҳаларда трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз. Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига Боткен вилоятида ушбу таълим муассасасини қуришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдираман», — деди Акилбек Жапаров.

Ўз навбатида, Абдулла Арипов, бундай тадбирлар орқали икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Мактаб қурилиши бўйича келишув Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 2021 йил 11−12 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган эди.

330 ўринли янги мактаб биноси қурилиши 2021 йил июль ойида бошланган эди. Лойиҳанинг смета қиймати 3,5 млн АҚШ долларини ташкил этиб, Ўзбекистон томонидан ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўш шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб фойдаланишга топширилган эди. Боткен вилояти Самарқанддек қишлоғида яна бир мактаб қурилмоқда.

Шунингдек, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали-драма театри биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Абдулла Арипов Ўшга ташрифи чоғида Акилбек Жапаров ҳамроҳлигида реконструкция жараёнлари билан танишди.

Фото: Gov.kg.

Ишлар 2021 йил сентябрь ойида бошланган ва жорий йилнинг сентябрь ойида якунланиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг тахминий қиймати 5 млн долларни ташкил қилади. Театр 500 ўринга мўлжалланган.

Аввалроқ, Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистоннинг Қадамжой туманида 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилган эди.