Тор доирада бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон раҳбари қирғизистонлик ҳамкасбини президент этиб сайлангани билан яна бир бор табриклади. Садир Жапаров эса кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга таклиф қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати юқори баҳоланди. Барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

2017 йил 5 сентябрдаги Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома бўйича чегаранинг қолган қисмларини ҳам делимитация қилиш мақсадида Ҳукуматлараро комиссияга тегишли кўрсатма берилди.

Мулоқотда кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позицияси бир хил экани намоён бўлди, дейилади хабарда.

Ҳар икки давлат етакчилари ушбу форматдаги учинчи учрашувни 2021 йилда ўтказиш муҳимлигини қайд этди.