Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида ўтаётган Туркий кенгаш саммити доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда Қирғиз президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, иккитомонлама ҳамкорлик масалалари қаторида давлатлар етакчилари «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратишган.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Қирғиз президенти матбуот хизмати маълум қилишича, Садир Жапаров Қирғизистон қардош Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ҳар икки халқ манфаатлари йўлида янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қатъий қарор қилганини таъкидлаган.

Қўшни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг юксак салоҳиятини сақлаб қолиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида давлат ташрифи билан Қирғизистонга таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Қирғизистон ва Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда катта салоҳиятга эга, дея таъкидлади. Унинг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 1 млрд АҚШ долларига ошириш учун реал имконият мавжуд.

Ўзбекистон етакчиси шунингдек, олий даражадаги қўшма келишувларнинг бажарилишини шахсан назорат қилишини айтиб ўтган.

Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни шу йилнинг март ойида ҳам Қирғизистонга таклиф қилган эди. 13 июнга келиб, Ўзбекистон етакчиси ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашиш учун Бишкекка борган эди.