Осиё тараққиёт банки Сурхондарё (111 км) ва Бухоро (87 км) вилоятларидан ўтувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 273,8 млн доллар миқдорида қарз маблағларини ажратади. Бу ҳақда 4 апрель куни қабул қилинган президентнинг Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида айтилади.

Ажратилган қарздан:

  • 183,8 млн доллари — «4P105 „Дарбанд — Бойсун — Элбаён“ автомобиль йўлининг 5−7 км ва 4P100 „Мангузар — Жарақўрғон — Бандихон — Олтинсой — Денов“ автомобиль йўлининг 128−174 км қисмларини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга оширишга;
  • 90 млн доллари — «А380 „Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу“ автомобиль йўлининг 228−315 км (87) қисмини реконструкция қилиш» лойиҳасини якунлашга сарфланади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 6 йил (4 йил имтиёзли даврини инобатга олган ҳолда 2022−2027 йиллар) этиб белгиланди.

«Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш» лойиҳасининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ОТБнинг қарз маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан масъул ижро этувчи орган Автомобиль йўллари қўмитаси ҳисобланади.

Сурхондарё лойиҳаси бўйича:

  • қурилиш-монтаж ишлари ҳудудига тушган юридик ва жисмоний шахсларга тегишли ер участкалари ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши Вазирлар Маҳкамасининг тегишли [911-сон] қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади;
  • жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш республика ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг марказлаштирилган жамғармалари ҳисобидан ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан компенсация қилинади;
  • жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар белгиланган тартибда тўлиқ қоплангандан сўнг уларга тегишли ер участкалари Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан захира ерлар тоифасига ўтказилади ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги унитар корхоналарга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади.

Маълумот учун, Маълумот учун, февраль ойи охирида Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва янгилаш учун 273,8 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишни маъқуллагани ҳақида ёзган эдик. Лекин унда Сурхондарёдаги Дарбанд — Денов йўлининг 106 километрини (президент қарорида 111 км) янгилаш назарда тутилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Осиё тараққиёт банки ўтган йили декабрь ойида Бухоро, Мискин, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи 465 километрлик темир йўл линияси электрлаштириш учун 162 млн долларлик кредит ажратганди.

Аввалроқ, ОТБ Ўзбекистонда 2025 йилгача умумий қиймати $2,8 миллиардлик 27 та лойиҳани амалга ошириши ҳақида ёзган эдик.