Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда темир йўл хизматларини яхшилаш ҳамда минтақада савдо ва туризмни ривожлантириш учун 162 млн долларлик кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида мамлакат ғарбидаги йирик шаҳар марказлари, жумладан, Бухоро, Мискин, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи 465 километрлик темир йўл линиясини электрлаштириш кўзда тутилган.

«Бу соатига 250 километр тезликда ҳаракатланувчи тезюрар поездларнинг ҳаракатини йўлга қўйиш, Бухоро ва Хива ўртасидаги қатнов вақтини икки соатгача қисқартириш, пойтахт Тошкентдан Хивага етти соатда етиб бориш имконини беради», — дейилади хабарда.

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуковнинг таъкидлашича, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон шароитида «ишончли ва хавфсиз транспорт инфратузилмаси» иқтисодий ўсишнинг ҳал қилувчи омили ҳисобланади. ОТБнинг мазкур лойиҳаси Хоразмни Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайдиган иқтисодий йўлак яратиш имконини беради. Шунингдек, туризмнинг пандемиядан қайта тикланиши ҳамда мамлакатни «минтақавий транзит марказига» айланишига хизмат қилади.

Маълум қилинишича, лойиҳа Хитой Халқ Республикасини Марказий Осиё орқали Европа билан боғлайдиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CAREC) 2-коридорининг бир қисми ҳисобланади. Мазкур лойиҳа қатнов частотаси ва темир йўл хизматлари сифатини такомиллаштириш орқали Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан алоқа ва савдо муносабатларини яхшилаш имконини беради.

Бундан ташқари, ОТБ лойиҳа ҳудудида туризм соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаши айтилмоқда. Хусусан, бу борада электрон чипталар тизимини ишлаб чиқиш, туризм менежментига аёлларни жалб қилиш ва ўқитиш, шунингдек, аёллар, болалар, қариялар ва ногиронлиги бор йўловчилар учун кириш ва хавфсизлик функциялари мавжуд поезд станциялари атрофида шаҳарсозликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Прогнозларга кўра, «Бухоро-Хива» линиясининг электрлаштирилиши йиллик йўловчи ташиш ҳажмини 2026 йилга келиб уч ярим баробардан зиёдга — 1 миллион йўловчидан кўпроққа оширади. Йиллик юк ташиш ҳажми эса 2026 йилда жами 11,8 миллион тоннага етиши кутилмоқда.

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё минтақасида транспорт ва коммуникация масалалари бўйича директори Хидеаки Ивасакининг фикрича, лойиҳа мамлакатда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни рағбатлантириш билан бир қаторда, темир йўл линиясини дизел ёқилғисидан электр энергиясига ўтишини таъминлаш орқали Ўзбекистоннинг кам углеродли транспортга ўтишини ва, пировардида, мамлакатнинг Париж келишуви доирасидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Хабарда қайд этилишича, ҳукуматнинг Осиё инфратузилма инвестициялари банкига 108 млн доллар миқдорида кредит ажратиш юзасидан сўрови мазкур банк бошқарув кенгаши томонидан маъқуллаган. Ушбу кредит бошқарувига ҳам қисман ОТБ эгалик қилиши айтилмоқда.

«ОТБ, шунингдек, темир йўл операциялари ва бошқаруви бўйича танлаб олинган аёл талабаларни ўқитиш каби асосий гендер тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 300 минг доллар миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ ОТБ Тошкент вилоятида сув таъминоти ва канализация хизматларидан фойдаланишни яхшилаш мақсадида 161 млн доллар миқдорида кредит ажратиши хусусида хабар берилган эди.

9 декабрь куни эса банк Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес соҳасига қулай муҳит яратиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллар миқдорида кредит ажратиш юзасидан қарорни маъқуллаганини эълон қилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Молия вазирлиги ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми ОТБ ҳиссасига тўғри келиб, 1 октябрь ҳолатига 5,1 млрд долларни ташкил этган.