Украинада уруш бошланганидан сўнг, Ўзбекистонга Россия ва Беларуснинг баъзи фуқаролари кўчиб кела бошлади. dev.by беларус нашри ўз Telegram каналида 24 февралдан кейин Ўзбекистонга кўчиб келган IT мутахассислари орасида сўровнома уюштириб, улардан 9 тасининг жавобларини эълон қилди. «Газета.uz» ушбу мақоланинг айрим қизиқарли жойларини келтиради.

1. Нега айнан Ўзбекистон?

Сўровнома иштирокчилари турлича жавоб қайтаришган: Грузияга кетишни режалаштиргандим, аммо Тошкентда компаниянинг офиси бор эди; Ўзбекистонда яшаш арзон деб ўйладим; Самарқанд, Бухоро ва бошқа мусулмон оламини кўришни анчадан буён орзу қилгандим.

Қайд этилишича, мобил дастурчи Иван Ўзбекистонга 1 март куни оиласи билан келган ва Туркияга кетишни режалаштирмоқда. Унинг айтишича, Ўзбекистонда яшаш жуда қиммат. Николай (Software Developer) ҳам Ўзбекистонни «бошқа мамлакатга кетиш учун оралиқ пункт» деб ҳисоблайди.

Сўровномада қатнашганларнинг кўпчилиги учун Ўзбекистондаги шароитлар жозибали бўлиб туюлган. Ўзбекистонда хусусий корхона очиб, ўз-ўзини банд қилган шахс мақомини олиш ёки маҳаллий IT-парк резиденти бўлиб, 7,5 фоиз даромад солиғини тўлаш мумкин. Компания бунинг учун Ўзбекистон ҳудудида юридик шахс ташкил этиши, «иқтисодий асосланган бизнес-режаси бўлиши ва фаолиятини махсус рўйхатга асосан амалга ошириши лозим».

2. Ўзбекистонга қандай етиб келишди?

Николай Тошкентга 15 март куни Россия орқали келган. «Москвадан учдим, божхонада сўроқ қилишди, келишдан мақсадим, ким бўлиб ишлайман, кейинчалик ўша ерда ишлайманми ва ҳоказо. Telegram, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларимни кўришди. Қўрқинчли эмас, лекин ёқимсиз ҳолат».

Маълум қилинишича, бошқа қаҳрамонларни ҳеч ким сўроқ қилмаган, аммо чипта олиш муаммо бўлган. DevOPS-муҳандис Антонни унинг хотини, уч фарзанди ва иккита ити билан бирга компания олиб келган.

Дастурчиларнинг сўзларига кўра, кўплаб айтичиларни аэропортда маҳаллий IT-парк вакиллари кутиб олиб, уларни микроавтобусларда меҳмонхонага олиб кетишмоқда.

3. Рўйхатдан ўтиш: уч кунда улгуриш керак

Ўзбекистонга хориж фуқароси келганидан сўнг, рўйхатдан ўтиш учун унда уч кунлик муҳлат бор.

«Агар сиз меҳмонхонага жойлашсангиз, муассаса барча хужжатларни тайёрлашни ўз бўйнига олади. Агар ижарада турсангиз уй эгасидан вақтинчалик руйҳатга қўшиб қўйишини сўраш керак. Агар уч кунда улгурмасангиз 150 доллар жарима», — дейди дастурчилардан бири.

4. Банк картасини олиш: 10 дақиқа ва 10 доллар

Сўровнома иштирокчилари Ўзбекистонда банк картаси олиш муаммо эмаслигини айтишган: Антон 10 долларга ва 10 дақиқа ичида MasterCard, 10 долларга ва 3 дақиқа ичида маҳаллий Uzcard картасини олган. Қолганлар карта очтиришмаган — 1 апрелни кутишган. Шу кундан «айтичиларнинг ишга жойлашиши учун енгилликлар яратилиши кўзда тутилган».

5. Уй-жой кутилганидан кўра қиммат

Маълум қилинишича, Тошкентга оиласи ва итлари билан келган Антон дастлаб меҳмонхонада беш кунга номер олган, лекин кейин бир ойга узайтирган (бир сутка туриш 70 доллар, бир ойга эса 1300 доллар). Сабаби квартира топиш чўзилиб кетган. Маҳаллий ижарачиларнинг 95 фоизи мушукларни уйга қўйишга тайёр, аммо итларни киритилишига мутлақо қарши, дейди у. Антон охир-оқибат 600 долларга уч хонали уй топган.

Дастурчиларнинг айтишларича, мигрантлар оқими ўсгани сабабли Тошкентда ижара нархлари ошиб кетган.

«Уйлар қиммат. Меҳмонхоналар бир тун учун 40 доллардан бошланади (уни излаб топиш керак). Суткалик квартиралар ҳам арзон эмас. Қисқа муддатлик ижара таклифлари кам. Уйни агент (риелтор)сиз топиш жуда қийин, агентлар эса биринчи ой тўловидан 30−50 фоиз комиссия олишни исташади, — дейди Иван.

Унинг сўзларига кўра, метро линиясида жойлашган «суваракларсиз 2−3 хонали уй» ижараси 600 доллардан бошланади. Шунингдек, коммунал тўловлар, агент (риелтор) комиссияси, баъзан гаров ҳам бор. Дастурчи шахар марказидан 800 долларга ҳолати унчалик ажойиб бўлмаган квартира топганлигини айтади.

«Аммо шунга ҳам хурсанд бўлдим, ёш болам билан меҳмонхонада яшашдан тўйгандим», — дейди у.

Бошқа дастурчи Telegram-чат орқали 800 долларга квартира топган ва тўрт нафар ҳамкасби билан яшамоқда. Улар маҳаллий риелторлар ҳақида салбий фикрда: риелторларнинг иши квартира эгаси билан келишаётганингда сенинг ёнингда туриш ва унга «булар тузук одамлар, квартирани берайлик» дейиш холос.

Дмитрийнинг (Python developer) таъкидлашича, «охирги пайтда узоқ муддатга ижара расмийлаштирган чет элликларнинг уйларига ички ишлар органлари ходимлари келмоқда».

«Аммо суҳбатлар „жуда хушмуомала“ ўтади. Шунчаки ҳудудларида ким яшаётганини билиш учун келишганини айтишади», дейилади хабарда

6. Интернет: паст тезлик ва ижтимоий тармоқларнинг блокланиши

Николайнинг айтишича, шаҳардаги интернетга чидаса бўлади, Россия ва Беларусь компаниялари жой брон қилиб қўяётган коворкингларда бемалол ишлаш мумкин. Виталикнинг (дастурчи) сўзларига кўра, коворкинг марказида ишлаш кунига 100 минг сўм атрофида (8,60 доллар) туради.

«Интернет — унчаликмас, ойига 120 минг сўм (10,4 доллар), 50 Мб/с, лекин пинг жуда юқори — 200−300 атрофида. Аммо аксарият коворкингларда кальян бор: 18:00—19:00дан кейин бу ер гавжум бўлади, бу вақтда чекиш ҳам мумкин», — дейди Виталик.

«Интернет сифати даҳшат, блоклашлар кучли. Буюртмачининг ресурсларига VPN орқали киришда муаммолар пайдо бўлишига тайёр туриш керак. Вақти-вақти билан интернетдан роуминг орқали фойдаланишга тўғри келади, чунки бошқа вариантлар ишламайди», — дея қўшимча қилади у.

Иван 100 Мб/с тезликдаги интернет унга ойига 180 минг сўмга (15 доллар) тушаётганини айтган. Аммо «соат 21:00дан кейин тезлик 25 Мб/сгача тушиб кетади». Дмитрий ҳам шундай фикрда — кечки пайт интернет тезлиги пасайиб кетади.

Дастурчилар шунингдек Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва «ВКонтакте» блокланганлигини ҳам қайд этишган.

7. Тошкентда яшаш қанчага тушади?

Иваннинг сўзларига кўра Беларусь ва Россия маҳсулотлари Ўзбекистонда кўп, аммо Ўзбекистон пахта етиштирувчи давлат бўлишига қарамай савдо марказларида кийимлар қиммат.

«Мен икки катта ёшли ва бир ёш бола билан кафеда овқатландим — ҳаммамиз учун 12−15 доллар бўлди. Арзонроқ чойхона яқинида яшасанг, уйда овқат қилмасанг ҳам бўлади. Катта товоқдаги ош 2−3 доллар туради», — дейди Иван.

8. «Маҳаллий аҳоли пул сарфлашга тайёр одамлар келганидан хурсанд»

Сўровнома иштирокчилари тошкентликлар жуда меҳмондўст ва хушмуомала эканликларини қайд этган. «Маҳаллий аҳоли пул сарфлашга тайёр одамлар синфи келганидан хурсанд», — деб ҳисоблайди Антон. «Беларусларга нисбатан муносабат яхши, маҳаллий IT-паркдагилар уларнинг мослашишига ёрдам беришмоқда», — дея қўшимча қилган Дмитрий.

«Умуман олганда, бир неча йил аввалги Минскни эслатади. Тошкент инфратузилмаси совет даврида қурилган инфратузилмага ўхшайди. Бир қарашда барчани қониқтирадиган ўша авторитаризм. Маҳаллий давлат газетасини кўздан кечирдим — 2020 йилга қадар чиққан «Совет Белоруссия"си газетасига ўхшайди», — дея таъкидлаган Дмитрий.

«Маҳаллий аҳоли бизни меҳмон деб атайди. Илгари қандай яшаган бўлсак, шундай яшашимиз мумкин. Асосийси, „тўғри“ бўлсанг бўлди. Кўпчилик рус тилида гаплашади ёки тушунади», — дейди Виталик. Унинг қўшимча қилишича, у Ўзбекистонни доимий яшаш жойи сифатида танламаган бўларди, аммо бу ер албатта келишга арзийди.

Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақида яна айрим фикрлар

«Кун ва тун жуда тез алмашади, 18:00дан кейин бу ердагилар ярим уйқуда юришади, аммо уйғониш жуда осон».

«Бу ерда ҳамма машиналар бир хил — оқ рангли Chevrolet. Ҳайдовчилар жуда тез ва зич юришади. Йўлни кесиб ўтаётганда ҳушёр бўлиш керак, пиёдаларга йўл беришни хоҳлашмайди».

«Шаҳар муҳити жуда баҳсталаб. Парклар кўп, лекин бу ерда пиёдалар ҳеч ким эмас. Йўллар кенг, баъзан кесиб ўтиш жойини топиш учун километрлаб юриш керак. Кесиб ўтиш жойларида светофор йўқ ва ҳеч ким сенга йўл беришга шошилмайди».

«Бу ерда ҳамма меҳмондўст, уйларига чақиришади, палов билан меҳмон қилишади».

«Кўчаларда формали одамлар кўп».