Шу йилнинг апрель ойида Бош прокуратура матбуот хизматининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов юрак хуружи сабаб вафот этгани маълум қилинганди.

Депутат Расул Кушербаевга кўра, марҳумнинг отаси унга мурожаат қилиб, марҳум хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этганлиги, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирган.

Шу сабаб марҳумнинг отаси Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилди. Бироқ, ФИБ Миробод туман суди 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини рад қилди. Даъвогар эса судга апелляция шикоятини киритган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш ҳукумат томонидан 1997 йилда тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.

Низоимга кўра, ташкилот ҳудудида ва унинг ташқарисида ходимнинг меҳнат вазифаларини бажараётганда юз берган жароҳатланиши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳисобланади.

Мазкур низомнинг 1-бўлим, 3-бандига асосан табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

Низомнинг 3-бўлимини 2-бандига асосан гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчи дарҳол схемага биноан қуйидагиларга хабар бериши керак:

  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига;
  • Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига;
  • бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;
  • иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига.

Давлат меҳнат инспекциясининг маълум қилишича, Бош прокуратура тиббий хулосага асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва вазирлигига, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига мазкур ҳолат бўйича хабар бермаган.

Давлат меҳнат инспекцияси марҳумнинг отасиниг даъвоси судда рад қилингани бўйича ҳам изоҳ бериб, инспекция тўғрисидаги низомнинг 23-бандида суд органлари томонидан қарор қабул қилингандан кейин инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қўшимча хулосалар, тушунчалар инспекция томонидан берилмаслигини таъкидлаган.