Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ер майдонларини сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Жумладан, Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.А. «Мирза-Пай» ирригация тизими бошқармасига қарашли 0,9 гектар ер майдонини ижарага олиб, ушбу ер майдонини фуқаро Х.У.га фирибгарлик йўли билан 60 минг долларга сотишга келишгани аниқланган. Гумонланувчи шундан 30 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати

Шунингдек, Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ДХХнинг Ургут шаҳар бўлими билан ўтказилган тезкор тадбирда, «U-A.» МТП раҳбари А.Х. «Ф.» оилавий корхонаси раҳбари Ш. га МТП ҳудудидан 3,6 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 40 млн сўм талаб қилиб, шундан 30,4 млн сўмни МТП комбайнчиси Х. орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.


Бундан ташқари, Департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.Ю. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, «Фарғона сувтаъминот» МЧЖ Учкўприк туман бўлими балансида бўлган 2 сотих ер майдонини 5000 доллар эвазига фуқаро Ж.С.нинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Улар шундан 1500 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.