25 март куни Ўзбекистон ҳукумати Халқаро молия корпорацияси (IFC) кўмагида Сирдарё вилоятида янги иссиқлик электр станциясини (ИЭС) қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномасини тузди. Бу ҳақда «Газета.uz»га IFC матбуот хизмати хабар берди

«Миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида Франциянинг Electricite De France (EDF), Қатарнинг Nebras Power, Япониянинг Sojitz Corporation ва Kyuden International компанияларидан иборат консорциум билан 25 йил муддатга лойиҳа шартномалари имзоланди.

2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган халқаро тендерда ғолиб чиққан консорциум мамлакатдаги энг самарали иссиқлик электр станцияларидан бирига айланиши кутилаётган 1,6 ГВт қувватга эга ИЭСни қуриш ва ишга тушириш учун масъул бўлади.

ИЭС 2026 йилнинг январь ойида ишга туширилиши кутилмоқда, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. Лойиҳани амалга ошириш учун жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1,2 млрд долларга баҳоланмоқда.

Ҳужжатга кўра, янги ИEС йилига 12 млрд кВт/соат энергия ишлаб чиқаради. Унинг самарадорлиги эса 60 фоиздан ошади, бу эса йилига 1,1 млрд куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

IFC Глобал инфратузилма фонди (GIF) билан ҳамкорликда лойиҳа учун рақобатбардош халқаро тендер ўтказишга кўмаклашди. GIF — Жаҳон банкининг G20 ташаббуси бўлиб, ривожланаётган мамлакатларда сифатли барқарор инфратузилмавий ечимларни қўллаб-қувватлайди.

«Ҳозирда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газ устунлик қилмоқда ва иссиқлик электр станцияларининг самарасиз, эскирган инфратузилмаси ўз хизмат муддатини якунлаш арафасида», — дейилади IFC баёнотида.

Янги буғ-газли электр станцияси эски заводларга қараганда деярли икки баравар самарали бўлиши кутилмоқда, бу табиий газдан самаралироқ фойдаланиш ва CO2 чиқиндиларини камайтириш, шунингдек қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграциялашга ёрдам беради.

«Лойиҳа Ўзбекистон энергетика тармоғи олдида турган асосий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. «Бу электр таъминоти барқарорлигини ошириш, замонавий технологиялар табиий газ ва сувдан самарали фойдаланишни таъминлайди», — деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков.

IFC операциион ҳаракатлар бўйича катта вице-президенти Стефани фон Фридебург шундай деди: «Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб ортиб бормоқда ва барқарор энергия таъминоти инклюзив ўсиши учун зарур. Ушбу лойиҳа IFC’нинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан энергетика секторини модернизация қилиш, жумладан, эски ва самарасиз электр станцияларини алмаштириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Янги, самаралироқ энергия ишлаб чиқаришга хусусий сектор сармоясини рағбатлантириш орқали Ўзбекистон иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ҳам, электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондиришга ҳам ёрдам бермоқда».

GIF’нинг кўмаги лойиҳанинг техник-иқтисодий таҳлилини ўтказиш ва лойиҳанинг тижорий ёпилгунига қадар битимни амалга оширишда ёрдам беришни ўз ичига олган. GIF инвестиция имкониятларини илгари суриш ва потенциал ишлаб чиқувчилар ҳамда кредиторлар ўртасида хабардорликни ошириш учун консультант-ҳамкорлар тармоғидан фойдаланган.

«Ўзбекистон GIF учун стратегик жиҳатдан муҳим давлатдир ва биз энергетика ҳамда аэропортлардан тортиб, йўллар ва қаттиқ маиший чиқиндиларгача бўлган кўплаб соҳаларда узоқ йиллик алоқаларни ўрнатдик. Биз мамлакатнинг энергетика трансформациясини қўллаб-қувватлаш учун ушбу лойиҳада ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Ушбу лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши барқарор инфратузилмага сармоя киритиш ва мамлакатда хусусий капитални сафарбар этиш бўйича бизнинг мажбуриятимизни яна бир бор тасдиқлайди», — деди GIF раҳбари Жейсон Женгронг Лу.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент инвесторлар билан Сурхондарёдаги 1,56 ГВт қувватга эга ИЭС қурилишини бошлаб бергани ҳақида хабар берган эдик.