Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1,2 млрд доллар бўлиб, унинг натижасида 1,56 ГВт қувват яратилади, йилига 12 млрд киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 млрд куб метр табиий газ тежалади. Мажмуа Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда мамлакатда барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади.

Масалан, Сурхон воҳаси нефть, газ, кўмир, қимматбаҳо ва рангли металлар, кўп турдаги безак тошлар каби 100 дан ортиқ конларга эга бўлса-да, улар етарли даражада ўзлаштирилмаган. Шунинг учун келгуси беш йилда бу вилоятда 7 млрд долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Сурхондарёдаги 500 минг хонадоннинг эҳтиёжларини қондиради. Бундан ташқари, Афғонистонга йилига камида 3 млрд киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Лойиҳа Германиянинг Siemens Energy, Франциянинг ЕDF, Нидерландиянинг Stone City Energy компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Давлат раҳбари бунга аҳлоҳида эътибор қаратиб, соҳада хусусий капитал иштирокига кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.

«Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 ГВтдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1миллиард доллардан ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги кунда мамлакатда қуввати 9минг Мегаватт бўлган яна 19 та электр станцияси барпо этилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 10 млрд доллардан зиёд.

Давлат раҳбари тадбирда иштирок этган халқаро молиявий институтлар ва компаниялар раҳбарларига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини яна бир бор таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган Siemens Energy компанияси президенти Кристиан Брух ва ЕDF компанияси ижрочи директори Беатрис Буффон Ўзбекистонда энергетика тизими замонавий технологиялар асосида модернизация қилинаётганини юксак баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, мазкур лойиҳани юқори сифатда амалга оширишларини таъкидлашди.

Шундан сўнг, давлат раҳбари инвесторлар билан бирга рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.

Мазкур станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.