Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери мамлакат қўшинлари қурбонлари ҳақида иккинчи маротаба маълумот берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб 1351 нафар ҳарбий хизматчи уруш ҳаракатларида ҳалок бўлган, 3825 нафари яраланган. Россия мудофаа вазирлиги биринчи маротаба қурбонлар ҳақида 2 март куни маълумот берган эди. Ўшанда 498 нафар киши ҳалок бўлганлиги, 1597 нафари яраланганлиги айтилган эди.

Шунингдек, Россия урушнинг бир ойи давомида Украина қўшинларининг йўқотишлари 30 минг атрофида бўлганлигини таъкидлади. Россия томони Украинанинг ҳаво кучлари ва ҳаво кучига қарши ҳимоя тизими деярли тўлиқ йўқ қилинганлигини, эндиликда мамлакатнинг денгиз кучлари умуман йўқлигини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий операциянинг биринчи босқичи асосий вазифалари амалга оширилганини таъкидлади.

«Россия қўшинларининг Украинанинг блок қилинган ҳудудларида бўлиши Киевнинг кучларини чеклайди, Донбассдига гуруҳни кучайтиришга йўл қўймайди. Биз бошланишида вайронагарчиликлар олдини олиш ва шахсий таркиб ҳамда тинч аҳоли орасидаги йўқотишларни минималлаштириш учун уларга ҳужум уюштирмоқи эмасдик. Бизнинг кучларимиз ва воситаларимиз асосий масалага қаратилади — Донбасснинг тўлиқ озод қилиниши», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Украина Қуроллик кучлари Генштаби 25 март куни берган маълумотларга кўра, Россия томонининг йўқотишлари 16 100 кишини ташкил этган. Шунингдек, Украина томони Россиянинг 561 та танки, 1625 та ҳарбий зирҳли машинаси, 291 та артиллерия тизими, 49 та ҳаво ҳужумига қарши ҳимоя тизими, 125 та вертолёти, 1089 автомобиль техникаси, 18 та махсус техникаси ва бошқа ҳарбий қурилмаларини йўқотганлигини таъкидлади.

Олдинроқ Times нашри НАТО ҳисоб-китобларига кўра, Россия қуролли кучлари уруш бошланганидан бери 7 000 дан 15 000 гача одам йўқотган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. «Voice of America» журналисти Жефф Селдининг хабар беришича, умумий йўқотишлар, яраланганлар, асирга тушганлар ёки дараксиз йўқолганларни ҳисобга олган ҳолда, 30 мингдан 40 минггача бўлиши мумкин.

Уруш пайтида можаро томонларининг расмий вакиллари тарқатаётган муаммоларни текширишнинг иложи йўқ. Ҳар қандай маълумотга эҳтиёткорлик билан ёндашишни тавсия қиламиз.