Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси пайтида 498 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу хақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков брифинг давомида хабар берди.

«Ўз ҳарбий бурчини бажариш давомида 498 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Жабрланганларнинг оилаларига барча ёрдам кўрсатилади. 1597 нафар сафдошимиз жароҳатланган», — деди Конашенков ўз баёнотида.

Россия Mудофаа вазирлигининг маълумотига кўра, Украина томонининг йўқотишлари 2870 дан ошиқ ҳалок бўлганлар ва 3700 га яқин яраланганларни ташкил этади. Шунингдек, 572 нафар Украина ҳарбийлари асирда экани таъкидланди.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги вакили ҳарбий операцияда чақирилувчилар ва вазирликнинг таълим муассасалари курсантлари иштирок этмаётганини қайд этди. Игор Конашенков Россия ҳарбийлари орасидаги «беҳисоб» йўқотишлар ҳақидаги хабарларни дезинформация эканлигини билдирди.

Баённомага кўра, ҳарбий амалиётлар вақтида Украинанинг 1533 та ҳарбий инфратузилма объектига, 54 та бошқарув пункти ва ҳарбий алоқа тузилмаларига, 39 та ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларига, 52 та радиолокация станциясига зарба берилган.

Шунингдек, Украинанинг 47 та ҳарбий самолёти ерда, 13 таси ҳавода йўқ қилингани, 484 та танк ва жанговар машиналар, 63 та ракета тузилмалари, 217 та дала артиллерияси, 336 та махсус ҳарбий техника, 47 та учувчисиз қурилма ишдан чиқарилгани қайд этилди.

Россия аскарлари томонидан Попова, Новгоровка, Новомихайловка, Любимовка аҳоли яшаш пунктларини, ЛХР кучлари Қизил Лиман, Торское, Кременная, Варваровка, Боровенки аҳоли пунктларини, ДХР кучлари эса Приморское, Приазовское, Шевченко ва Бердянское аҳоли пунктларини эгаллагани, Мариуполь қамалга олингани маълум қилинди.

«Россия ҳарбий хизматчилари, Россия армияси ўз вазифаларини ғурур билан бажаришмоқда. Улар яқингача Украина ҳудудидан келиб турган реал таҳдидни йўқ қилишмоқда. Бу ҳудудда украин халқининг хоҳишига зид равишда яқин вақт ичида НАТО базалари, ядро қуроллари, уларни етказиш воситалари пайдо бўлиши керак эди», — деди Игорь Конашенков.

2 март куни тонгда Украина Қуролли кучлари бош штаби Россия йўқотишлари 5840 нафар одамни ташкил этганини қайд этди. Аввалроқ УНИАН ахборот агентлиги жароҳат олган аскарлар ҳам ушбу рўйхатга қўшилаётганини хабар қилган эди.

Украина томони 29 та вертолёт ва 31 та самолёт, 200 дан ортиқ танклар, 862 броневиклар, 355 та автотехника, 60 та автоцистерналар, 85 та артиллерия тизими, 40 та залпли ўт очиш реактив тизими, 9 та ҲҲҚ воситаси, 3 та БПЛА ва 2 та катер йўқ қилинганини таъкидлади.

Бош штаб маълумотларига кўра, Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кирганидан бери мамлакат ҳудудига 180 дан ортиқ ракеталар юборилган. «Ҳарбий инфратузилма объектларидан ташқари фуқаровий инфратузилма ва аҳоли яшаш ҳудудлари ҳам жиддий талофат кўрган», — дейилади хабарда.

1 март куни БМТ Украинада 24 февралдан буён камида 136 нафар тинч аҳоли, шу жумладан 13 нафар болалар, ҳалок бўлганлиги, 400 киши жароҳатланганлигини маълум қилган эди.