Шанба куни республиканинг аксарият ҳудудида яна ёмғир ёғади. Якшанба куни ҳам ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди. Ўзгидромет ҳафта якунига қадар кутилаётган об-ҳаво прогнозини маълум қилди.

Унга кўра, 25 март кундуз куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва баҳорий илиқ об-ҳаво бўлади. Ҳаво +16…+19 даража илиқгача, жанубда эса баъзи жойларда +22…+25 даражагача исийди. Фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади.

Ўзгидрометнинг маълум қилишича, бу билан ёмғир мавсуми ўз якунига етгани йўқ.

«Аммо ёмғирлар мавсуми ҳали тугамади. Эртага Ўзбекистонга яна нам ва салқин ҳавонинг бир қисми кириб келади», — дейилади хабарда.

Республиканинг шимолидан ташқари барча вилоятларда яна булутли ва ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. Кундуз куни ҳарорат +12…+15 даражагача пасаяди.

Шунингдек, 25 ва 26 мартда республиканинг айрим жойларида шамол 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Якшанба куни эса республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғиши тўхтайди, фақат кечаси ва эрталаб Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.

Дам олиш кунлари тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши, тоғларда қор кўчиши хавфи бор, дейилади хабарда.