24 март куни биржа савдолари якунларига кўра, барча тоифадаги шакарнинг ўртача кунлик нархи аввалги савдо кунига нисбатан яна 14 фоизга — 1 кг учун 10101,3 сўмдан 8735,8 сўмгача пасайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.

Пайшанба куни биржа савдоларига деярли 50% кўпроқ- 3200 тонна шакар қўйилди, бироқ фақат 2874 тоннасининг (90%) сотилгани эса харидорлар талаби камайганини кўрсатади. «Хоразм шакар» заводи 1600 тонна, «Ангрен шакар» эса 1274 тонна маҳсулот сотган.

Фото: UzEx.

Умуман олганда, охирги икки савдо кунида (18 ва 24 март) шакарнинг биржа нархи деярли 30 фоизга арзонлашди. Бунга бозорга асосланган чора-тадбирлардан фойдаланиш, жумладан, таклиф даражасини ошириш орқали эришилди, дейилади хабарда.

Хоразм шакар заводи ходими Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берган интервьюсида тадбиркорларни нархлар ошишида айблади.

«Биржа савдолари орқали узлуксиз равишда шакар маҳсулотини етказиб турибмиз. Лекин бу шакар маҳсулотини баъзи бир ваҳимага тушиб қолган тадбиркорларимиз талабдан кўра кўп миқдорда олиши натижасида нарх сунъий равишда ошиб кетди. Бунга асос йўқ», — деди у.

Корхона вакили хориж давлатларидан содир бўлаётган жараёнлар Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади.

«Биз шакар хом ашё маҳсулотини Бразилия давлатидан олиб келамиз. Шакар учун захираларимиз етарли. Халқимизга бемалол етказиб бера оламиз. Ҳукуматимиз қарорига асосан ярмаркалар ташкил этилди. Ярмаркаларга ҳам етказиб бериб турибмиз», — дея қайд этиб ўтди у.

Эслатиб ўтамиз, март ойи ўрталарида биржада шакар нархи 12 700 сўмга, чакана савдода эса 1 кг учун 16 минг сўмга етди.

17 март куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳар бир лотда кунига камида 2000 тонна шакарни биржа савдолари орқали сотиш бўйича кўрсатма берди. Бундан ташқари, ҳар бир харидорга бир савдо сессиясида барча иштирокчилар учун тенг шароитлар таъминланган ҳолда 20 тоннадан ортиқ бўлмаган миқдорда сотишга рухсат берилди.

Айни вақтда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам шакар маҳсулотларига талаб юқори бўлиб қолмоқда. Бу давлатлар расмийларига кўра, шов-шувга чайқовчилик ва сунъий тақчиллик сабаб бўлмоқда.