Давлат хизматлари агентлиги 19 мартдан 2 апрелгача эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилди. Ташкилот буни «техник ва профилактика чоралари» билан изоҳлади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз бўлинмаларида гувоҳномаларни алмаштириш тўхтатилгани ҳақида ҳозирча хабар бермади.

Агентлик, шунингдек, бор-йўғи 2,6 млн киши ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирганини, 3,1 млндан ортиғи эса ҳали ҳам эски гувоҳномасини сақлаб қолганини маълум қилди. Эндиликда гувоҳномаларни алмаштириш муддати яна бир йилга — 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилиши режалаштирилган (берилган йилига қараб, охирги ой ўзгариши мумкин).

Эски гувохномага эга фуқаролар ҳамда ташриф буюрувчиларнинг тахминий сонини ҳисобга олган ҳолда ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш пунктлари сонини камида 2 баробарга ошириш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар жами 74 та пункт фаолият кўрсатмоқда (49 та — Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси бўлинмаси, 25 та — ДХА).

Агентлик Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб эски ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга ҳайдовчилар жаримага тортилмаслигини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, аввалги муддатга кўра, 2010 йилгача берилган ҳужжатлар 2022 йилнинг 31 мартигача алмаштирилиши керак эди.

Ўзбекистонда 2017 йил октабридан янги ҳайдовчилик гувоҳномалари жорий этилган. Дастлаб 2020 йил 31 декабрга қадар ишончнома ва рўйхатга олиш гувоҳномаларини алмашиш режалаштирилган эди. 2020 йилнинг баҳорида муддат бир йилга, 2021 йилнинг ноябрида эса 2022 йилнинг охиригача узайтирилди.

Аввалроқ, «Газета.uz» эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун қўлланма ҳам тайёрлаган эди.