Ўзбекистонда 1 октябрдан пластикдан тайёрланган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар жорий этилади. Ҳукуматнинг 2 мартда тасдиқланган шу ҳақдаги қарори матни ИИВ сайтида эълон қилинди.

Янги ҳужжатлар янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси намуналарининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена шаҳри, 1968 йил 8 ноябрь) тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида татбиқ қилинмоқда.

1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда — миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) — автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилади.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга тақдим этилади. Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари: 2017 йил 1 октябр — 2018 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — улар эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда; 2019 йил 1 январь — 2020 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — мажбурий тартибда янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017−2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасига ўзгартишлар киритиш режалаштирилган.

Ультра бинафша рангли қоплама ва Ўзбекистон давлат герби кўринишидаги голограмма мавжуд бўлган пластикли гувоҳномалар ҳажми 54×86 мм бўлади.

Техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги талон ҳажми ҳам худди шундай бўлиб, у қоғоздан тайёрланади. Унинг олд томонида автомототранспорт воситасининг русуми ва давлат рўйхатига олинган рақами кўрсатилади. Орқа томонида эса — техник кўрик натижаси, жорий ва навбатдаги кўрик муддатлари кўрсатилади.

Талондаги ёзув Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларининг мутасадди ходими томонидан ёзилади ҳамда унинг имзоси ва махсус штампи билан тасдиқланади.