Юлдуз Усмонованинг концертда томошабинларга нисбатан қўпол хатти-ҳаракатига Маданият вазирлиги муносабат билдириб, бундай ҳолатларни ҳеч қачон ёқламаслиги ва кескин қоралашини маълум қилди.

Таъкидланишича, «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўтаётган халқ артисти Юлдуз Усмонова берган концертнинг 12 март кунидаги дастурида техник носозлик туфайли саҳна пардаси тўлалигича очилмай қолган ва бунга томошабинлар эътироз билдирган. Хусусан, улардан бири қўпол оҳангда бақирган. Натижада Юлдуз Усмонова буни ҳақорат деб тушунган ва эмоцияга берилиб кетиб, концертга ташриф буюрган томошабинларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган.

«Пулингизга 10 бараварини оляпсиз. Аёллар, илтимос қиламан, агар шунақа бўладиган бўлса, ҳозир шу ерда 4 та [ашула]ни айтаманда, беркитиб кетавераман. Ўзларингни билиб ўтиринглар. Бошқа концертда қиласан унақа нарсаларингни, жим ўтирамиз. Чироқни беринглар, залда ким бақираётганини кўрай. Ким эди у бақирётган, чиқинг буёққа. Парда тушган бўлса, менда эмас-ку айб…», — деган у.

Маданият вазирлиги санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурматини жойига қўйиши шартлигини қайд этди.

«Шуни қатъий таъкидлаймизки, санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолай олиши, ўзини тута билиши, муомала маданияти, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, айниқса, саҳнада, мухлислар билан мулоқот жараёнида уларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, ҳурматини жойига қўйиши шарт. Бу унинг маънавий бурчи ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

Қолаверса, вазирлик томошабинлар чекига тушадиган масъулият ҳам борлигини, масаланинг ушбу жиҳатига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини айтди. «Санъаткордан маданият талаб қиладиган, унга эътироз билдирадиган жамият, айни пайтда, жамоат жойида ўзини тутишни билмайдиган, этика қоидаларини қўпол равишда бузадиган томошабинларни тартибга чақириб, керак бўлса, уларга танбеҳ бериш ҳам лозим. Шунда ҳаммаси адолатдан бўлади», — дейилади хабарда.

2020 йилнинг май ойида Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани акс этган видеомурожаати тарқалган, ИИВ уни ўрганиб, хонанданинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини айтганди.