Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Алишер Қаюмов 30 апрель куни Сингапур президенти Тарман Шанмугаратнамга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистон элчиси ва Сингапур президенти икки томонлама ҳамкорлик ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди. Хабарда таъкидланишича, ҳамкорлик «2023 йилда амалга оширилган олий даражадаги ўзаро ташрифлардан сўнг алоҳида жадаллик касб этган».

Ўзбекистоннинг халқаро бизнес, жумладан, Сингапур бизнеси учун жозибадорлиги ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. «Бунинг яққол исботи сифатида Сингапур парламенти спикери бошчилигидаги ва 25 дан ортиқ ушбу давлат компаниялари вакилларидан иборат делегацияси бўлажак Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши таъкидланди», — дейилади хабарда.

Суҳбат якунида Сингапур президенти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига ўзининг эзгу тилакларини йўллади.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Қаюмов Сингапурга март ойи ўрталарида келган. У Ўзбекистоннинг Сингапурдаги (2018−2024) ва Австралияда (2022−2024) ўриндошлик асосидаги элчиси бўлиб ишлаган Қаҳрамон Шокиров ўрнига тайинланган.