2025 йилда Ўзбекистон иккинчи бор Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурида (PISA) иштирок этади. Жаҳон банки яна ёрдам беради, деб хабар қилди ЖБ матбуот хизмати.

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган PISA тадқиқотига илк бор 2022 йилда қўшилган. Тадқиқот давомида саводхонликнинг учта йўналиши: ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича 80 дан ортиқ давлатдан бўлган 15 ёшдаги ўқувчиларнинг кўникмалари ва билимларидан фойдаланиш қобилияти баҳоланган.

pisa, жаҳон банки, мактаблар, таълим

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) PISA-2022 тестида Ўзбекистондаги 200 дан ортиқ мактабдан 7200 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этишини таъминлаган. Ўзбекистонни баҳолаш натижалари паст бўлганига қарамай, ушбу тажриба мактаб таълими тизимидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини яхшилаш йўлида ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича ишларни бошлаш имконини берди, деб таъкидлади Жаҳон банки.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» PISA натижалари ҳақида сўз юритиб, таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг натижалар нимани англатиши ва қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақидаги икки қисмдан иборат колонкасини эълон қилган эди.

30 апрель куни ММТВ, Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ва Жаҳон банки ҳамкорлигида PISA-2025 тадқиқотлари учун жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган пилот тестларни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди.

Тошкент шаҳридаги 110-сонли мактабда ўтказиладиган икки кунлик семинар доирасида мактаб таълими соҳаси мутахассислари PISA-2025 доирасида ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш бўйича ишлатиладиган методология, тестлар ва саволлардан иборат онлайн платформа билан танишади.

Семинарда Жаҳон банки экспертлари, жумладан, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли иштирок этди.

Ўзбекистонда PISA-2022 доирасидаги тадқиқотларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш Жаҳон банки молиявий кўмагида ММТВ томонидан амалга оширилаётган «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган (73,85 миллион доллар). Лойиҳа миллий мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган. PISA-2025 доирасидаги тадқиқотларга тайёргарлик ҳам ушбу лойиҳа кўмагида амалга оширилмоқда.