Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ички ишлар органлари ходимларини камситган хонанда Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида азият чекканларга ёрдам акциясини эълон қилган эди. У тошкентликларнинг ёрдамларини ўз уйида қабул қилган.

3 ма куни ярим тунда Instagram саҳифасида жонли эфир вақтида у кечки вақтларда инсонпарварлик ёрдамини Сирдарё вилоятига жўнатишда ёрдам беришдан бош тортган ички ишлар органлари ходимларига нисбатан норозилигини билдирган.

Юлдуз Усмонова ички ишлар органлари ходимларини «нулями в коробке» деб атаган ва уларнинг ҳурматга лойиқ эмасликларини айтиб, бош бармоғини кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасига суқиб кўрсатган.

«Падарлаънати бўлдиларинг бугун. Халқ бирлашди, халқнинг ёнида турмадиларинг. Тфу! ГАИларга, мелисаларга!» — деди у.

Маданият вазирлиги видеомурожаатга муносабат билдираркан, хонанда билдирган фикрларни ноўрин деб атади. Вазирлик ИИО ходимларининг икки ойдан буён куну тун ишлаётганини қўшимча қилиб ўтди.

ИИВ баёнотида хонанданинг асоссиз танқид қилиши ўта маданиятсизлик ва салбий ҳолат экани кўрсатилган.

«Ўз қилмиши билан Юлдуз Усмонова барча ички ишлар органлари ходимларини уятли сўзлар, обрўсизлантирувчи уйдирмалар ва беодоблик билан қасддан ҳақорат қилган», — дейилади баёнотда.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2 майда соат тахминан 21:00ларда Мирзо Улуғбек тумани 4-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори лейтенант М.Ортиқжонов, шу туманда яшовчи Ю.Усмонованинг хонадонига 30 нафарга яқин фуқаро Сирдарё вилоятида рўй берган сув тошқинидан жабрланган аҳолига ёрдам бериш мақсадида хайрия учун турли хилдаги озиқ-овқат ҳамда бошқа мол-мулкларни олиб келганликларини кузатган. Ушбу юкни тегишли манзилга етказиб беришга ёрдам бериш мақсадида, ҳудудга бириктирилган ППХ ходимлари сержант Д.Ортиқов ва сафдор А.Султонов билан бирга юк машиналарига ортишга ёрдамлашиб, уларни тўпланиб кетадиган йиғин жойига, яъни «Туркистон» санъат саройига кузатиб қўйган.

ИИВ хабарида келтирилишича, хонанда ўзининг ёрдамчилари орқали тўпланган юкларни дарҳол, яъни 3 май соат 00.10ларда ЙҲХБ ходимлари кузатуви остида Сирдарё вилоятига жўнатилишини талаб қилган. Шунда ходимлар унга Сирдарё вилоятига чиқиш белгиланган тартибда тегишли рухсатнома асосида, кундузги вақтда ҳамда уюшган ҳолда амалга оширилишини тушунтиришларига қарамасдан, унинг асоссиз танқидига учраганлар.

«Жамиятда юриш туриш қоидаларини менсимасдан, ўта маданиятсизлик билан турли хақоратномуз сўзларни гапираётган аёлга белгиланган тартибни тушунтиришга уринган ходимлар, зиддиятли вазиятни кескинлашиб кетишини олдини олиш мақсадида, ушбу аёл билан мулоқотни тўхтатиб, ўз хизмат вазифаларини давом эттирганлар. Шундан сўнг, Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқ орқали „он-лайн“ тарзда ички ишлар органларини обрўсизлантирувчи, асоссиз ҳақоратлар акс эттирилган видеороликни тарқатган», — дейилади хабарда.

Пойтахт ИИББ томонидан олиб борилаётган суриштирув якунлари бўйича «ҳолатга ойдинлик киритилиб айбдорларга қонуний тартибда чора белгиланади», дея қайд этди ИИВ матбуот хизмати.

Ҳодиса жамиятда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кейинроқ хонанда ички ишлар органларидан кечирим сўради.

ИИВ вазиятга холис муносабат билдириб, ички ишлар органлари ходимларининг хизматларига адолат назари билан қараган фуқароларга, маданият вакилларига, журналистлар, блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларига миннатдорчилик билдирди.