2024 йил 1 январга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси, шунингдек улар тиузилмаларида ходимлардаги хотин-қизлар улуши камида 30% гача оширилиши керак.

Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, худди шу санага қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосари хотин-қизлар орасидан тайинланади. Бунда мазкур талаб тегишли ташкилот раҳбари хотин-қизлар орасидан тайинланганда ёки унда фақат бир нафар ўринбосар бўлган тақдирда мажбурий ҳисобланмайди.

Хотин-қизларнинг жамият, гендер тенглиги ва оиладаги ролини ошириш бўйича республика комиссиясига бир ой муддатда хотин-қизларнинг давлат бошқаруви органларидаги фаоллигини ошириш дастурини тасдиқлаш топширилди. У юқоридаги талабдан ташқари, давлат бошқаруви академиясида етакчи аёлларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш ва бу курсларда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизни тайёрлаш кўзда тутиши керак.