9 март куни соат 11:45 да Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани «Откамар» МФЙда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 3 фуқарони яшин урди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа оқибатида бир киши вафот этган, қолган икки кишидан бирига тиббий ёрдам кўрсатилиб, амбулатор даволанишга рухсат берилган.

Иккинчи фуқарога туман тиббиёт бирлашмасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дейилади хабарда.

«Nasafnews» Telegram каналининг кейинроқ аниқлик киритишича, яшин урганлар бир оиланинг аъзолари бўлган. Яшин уриши оқибатида вафот этган эркак (ота) 63 ёшда бўлган.

Унинг 42 ёшли ўғли Ж.Р. воқеадан сўнг туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Унга ситуацион невроз ташхиси қўйилиб, амбулатор ёрдам кўрсатилган. Марҳумнинг 37 ёшли ўғли Ж.С. бўйин, кўкрак қафаси олд соҳаси, ўнг оёқ сон, иккала болдир соҳаларини II-III А,Б даражали 18−20% куйиш тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётгани айтилган.

Аввалроқ, Ўзгидромет Тошкент шаҳрида яқин 2 соат ичида кучли момақалдироқ билан ёмғир ёғиши, шунингдек шамол тезлиги 12−14 м/с кучайиши кутилаётганини маълум қилганди.