1 март кунидаги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида фармонни имзолаганини маълум қилганди.

2 март куни тегишли [ПФ-81-сон] ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинди.

Фармон билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Унга Зулайҳо Маҳкамова раҳбарлик қилади.

Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Оила ва хотин-қизлар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қўмита билан мажбурий тартибда келишилади.

«Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев сешанба кунги йиғилишда.

Фармон билан қуйидаги лавозимлар киритилди:

  • Вазирлар Маҳкамасига — Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига — Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси;
  • вилоят ҳокимликларига — ҳоким ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари;
  • туман (шаҳар) ҳокимликларига — ҳоким ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари.

Қуйидаги лавозимлар эса тугатилди:

  • маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири;
  • маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари;
  • маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари лавозимлари.

Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди.

Фармонга асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида тегишинча Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Вазирликка эса вақтинча Турсинхан Худайбергенов раҳбарлик қилади.

Вазирлик нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Маҳалла, нуроний ва кексалар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлик билан мажбурий тартибда келишилади.

Ҳужжат билан маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилди.

Маҳалла раиси, жумладан, туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин.

2022 йил 1 июлгача «Маҳалла тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармонга мувофиқ, шунингдек, аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали «маҳалла-туман-вилоят-республика» тизими жорий этилди.